...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фарзандингизни антибиотик ва турли дориларга ўргатманг


11:45, 12.05.2017 Саломатлик
 6 630

39 даражали иссиғи бор болага ҳароратни нормал ҳолатда ушлаб туриш учун фақатгина суюқлик берилади холос.

Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш юзасидан бир қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда. Хусусан, хорижий қиммат дорилар ўрнига арзон миллий маҳсулотлар жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрда Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида ҳам ўз ифодасини топган.
 
Бундан ташқари, касалликларни даволашдан кўра, унинг олдини олиш мақсадида ҳам бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Президент оилавий поликлиникалар фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор бермоқда.
 
Айнан шундай ўзгариш ва ислоҳотларнинг қандай бораётгани, жойларда Шавкат Мирзиёев қарор ва фармонлари ижроси қай даражада таъминланаётгани билан қизиқдик. Бу борада Тошкент шаҳар Эшитиш ва нутқни тиклаш ҳамда овоз реабилитация маркази директори Жамшид Қурбонов билан суҳбатда бўлдик.


 
Совуқ иқлим ўлкамизга кириб келиши билан, айниқса, ёш болаларда шамоллаш асоратлари сезилади. Биринчи навбатда бурун бўшлиғимиз азият чекади. Бундай ҳолга учрамаслик учун нималарга аҳамият бериш керак?
 
– Инсон ҳар бир аъзосининг ўз вазифаси бор ва улар одам саломатлиги учун хизмат қилади. Гигиена қоидаларига риоя қилмаслигимиз, нотўғри овқатланишимиз ва ҳоказо сабаблар ана шу аъзоларимизга шикаст етказади ҳамда улар ўз фаолиятини нормал ҳолатда юрита олмайди. Шу сабабли, бизда турли касалликлар пайдо бўлади. Бундай ҳолатларни келтириб чиқармаслик учун, аввало, тозаликка катта эътибор қаратиш лозим. Агар сиз доим тоза, озода юрсангиз ва тўғри яшаш қоидаларига риоя қилсангиз, доимо соғлом бўласиз.
 
Шамоллаганимизда бурнимиз кўп оқиб, безовта бўламиз. Касаллик вақтида даволанмаса гайморит касаллиги келиб чиқадими? Биз уни оддий грипдан қандай фарқлаймиз? Унинг асоратлари қандай бўлади?
 
– Гайморит юқори жағ ва бурун атрофи бўшлиғининг яллиғланиши бўлиб, кўпинча бурун бўшлиғига турли микроорганизмлар кириши натижасида юзага келади. Масалан, грипп вируси, стрептококк, стафилококк, диплококк, кўк йиринг таёқчалари, анаэроб инфекциялар ва ичак таёқчалари гайморитни қўзғаши мумкин.


Дастлаб касалликнинг ўткир тури намоён бўлади. Бу вақтда беморнинг юқори жағ соҳаси қўл билан босиб кўрилганда оғрийди, бурнидан шиллиқ ажралади. Аслида бурундан шиллиқ ажралиши грипп касаллигида ҳам кузатилади. Лекин грипда пайдо бўладиган шиллиқ суюқлик сувга ўхшаш оқ рангда бўлади. Гайморитда эса бурундан йиринг аралаш ажралма чиқади.
 
Гайморитга чалинган беморнинг қон таҳлилида лейкоцитлар миқдори ошгани сезилади. Шундай вақтда зудлик билан шифокорга мурожаат этиш лозим. Агар кечиктирмай даво чоралари кўрилса, бемор бутунлай тузалиб кетади.
 
Бошқа хасталиклар каби гайморит ҳам ўз вақтида даволаб тузатилмаса, оғир асоратлар қолдиради. Яъни гайморит билан оғриб ўтгандан кейин мия пардасида ўзгаришлар кузатилади.
 
Кўп ҳолларда гайморитни яхши даволатмаган беморларда менингит (бош ва орқа мия қобиғининг яллиғланиши) ривожланиши мумкин.
 
Шунингдек, касалликдан сўнг арахноидит (бош ёки орқа миядаги ўргимчак тўрига ўхшаш парданинг яллиғланиши) ва риноген кўз касалликлари рўй беради. Гайморит асоратлари юзага келмаслиги учун бемор қунт билан муолажани охирига етказиши зарур.
 
Яқин йилларда яна бир оммалашган усул борки, озгина тобимиз бўлмаса, антибиотикка мурожаат қиламиз. Бу дориларнинг фойдали тарафи билан биргаликда зарари ҳам бор. Жигар, ўтпуфак каби аъзоларга шикаст етказмаслик учун яна қандайдир дори истеъмол қилиш керакми?
 
– Антибиотик дегани содда қилиб айтганда бактерияга қарши қурол дегани. Энди инсонда шамоллаш белгилари бошланди. Организмда ҳарорат, ҳолсизлик, иситма, йўтал, тумов белгилари билинади. Албатта, биз ҳеч кимга мурожаат қилмасдан ўзимизча кучли бир антибиотикни истеъмол қиламиз ва 5 кун ичида касалликдан қутулиб оламиз. Ва бу биз учун жуда маъқул усул бўлиб қолди. Келинг, шамоллашни содда қилиб тушунтириш учун бизга маълум 4 та гуруҳга бўлиб олайлик.
 
1. Бактериялар чақирадиган шамоллаш.
2. Вирус чақирадиган шамоллаш.
3. Замбуруғлар чақирадиган шамоллаш.
4. Аллергия чақирадиган шамоллаш.
 
Бу организмда меъёр йўқолганининг белгиси. Энг муҳими, организм ўзига-ўзи табиб. Умуман олганда, маҳаллий ҳароратни оширади. Буни физикадан ҳам биламиз, кўп оқим кетяпти, кўп қон айланиши бўляпти, демак, тозалаш бошланди. Ташқаридан кирган вирусларни унинг ўзи ҳайдолмайди ёки кучли йўтал орқали чиқариб юборади. Ёқмайдиган овқат еб қўйганда организм уни қусиб чиқаради, бу ҳам нормал ҳолат ҳисобланади. Бу ҳолатлар бизга антибиотик истеъмол қилишимизни билдирмайди. Ҳар гал антибиотик қабул қилган бола бир кунмас-бир кун дори таъсир қилмайдиган ростмана беморга айланади.
 
Пала-партиш даволаш яхшиликка олиб келмайди. Авваламбор, профилактика қилиш керак. Ривожланган мамлакатларда шундай нарса бор. 39 даражали иссиғи бор болага ҳароратни нормал ҳолатда ушлаб туриш учун фақатгина суюқлик берилади холос. Токи организм ўз йўлига тушиб олиши учун улар касалликни назорат қилиб туради. Организмни ташқаридаги дорилар билан доим ҳимоя қилиб турсак, дангаса бўлиб қолади ва ўз иш фаолиятини бажаришни истамайди. Шу сабабдан, иложи борича шифокорлар тавсияси билан қабул қилиш керак.
 
Ўзбекчиликда қулоқ оқиши деган касаллик бор. Бу асосан, ёш болаларда кўп учрайди. Бундай ҳолатда она сутини қулоққа соғиш тўғрими?
 
– Мувозанат деган тушунча бор. Бу мувозанат бузилгандан кейин муаммо кетма-кет келаверади. Ўрта қулоқ бурунга ўз тешигини очади. Мана шу тешик очилишининг ўз кенглиги меъёри ва даражаси бор. Бу шиллиқ ишлаб чиқаради. Мана шу ерда бирон-бир сабабга кўра ёпилиш бўлса, босим ошиб кетади. Ушбу суюқлик қаердандир чиқиб кетиши керак. Бунга ёрдам берувчи энг нозик девор – ноғорапардани итариб, тешиб чиқиб кетади. Ҳар гал ноғорапардадан оқиб чиқаётган шиллиқ, йиринг каби ажралмалар тешикни катталаштириб юборади ва бу билан эшитиш даражаси пасайиб боради.
 
Энг ёмони, эътиборсизлигимиз ёки бошқа иш билан бандлигимиз туфайли касалликни анча ўтказиб юбориб, миядаги асаб тизимигача етиб боргач, шифокорга мурожаат қиламиз. Шифокор беморга қўлидан келганча ёрдам беради, уни даволайди, аммо бола учун бу жараён қийинчиликда ўтади. Она сути жуда ҳам фойдали, аммо бу дегани қулоқдан ажралма оққанда сут соғиб даволаймиз дегани эмас. Албатта, шифокор кўригига бориш керак.
 
Ўзбекистонда илк бор бурун касалликларини профилактика қилиш мақсадида, дори воситаси ва мослама ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда маълумот берсангиз.
 
– Албатта, чет элда бурун бўшлиғи гигиенасини сақлаш ва профилактика учун (даво учун эмас) воситалар ишлаб чиқарилган. Импорт орқали дорихоналаримизда сотилаётган бу мосламанинг нархи 200 000 атрофида эди. Энг қувонарли тарафи, бу мослама энди ўзимизнинг миллий маҳсулотга айланди. АQUA Fil бизда 4 баробар нархи арзонлаштирилган ҳолда амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу нарсани чет элдан олдик, дейиш нотўғри. Фақатгина бугунги кунда халқимизнинг шу маҳсулотга талаби борлиги бизга туртки бўлди. Қолаверса, ота-боболаримиздан қолган бурун тозалаш, уни чайиб юриш деган тушунчалар бор. Муҳими, сифат даражаси чет эл аналогларидан кам бўлмаган ва улар билан рақобатлашадиган даражадаги табиий миллий маҳсулотимизга эга бўлдик. Бу маҳсулотни амалда қўллаб кўрган инсонларнинг барчаси ижобий натижа олаётганликларини айтишмоқда ва биз бундан хурсандмиз. Ҳатто эстрада юлдузларимиз ушбу мосламадан фойдалангани ва ижобий самара олганликлари ҳақида ўзларининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида маълум қилишмоқда.
 
– Очилгандан сўнг дориларнинг яроқлилик муддати тез тугайди. АQUA Fil мосламасини қанча вақт ишлатиш мумкин?
 
– Агар бу мосламадан фақатгина бир одам фойдаланса, қолаверса, мосламанинг дориси алоҳида сотилгани учун уни стериллаб, узоқ муддат ишлатса бўлади. Лекин СЭС 60 мартагача фойдаланишни меъёр сифатида белгилаган.
 
Юқорида гигиена ҳақида сўз юритдингиз, бу мосламани барча оила аъзолари ишлатиши мумкинми? Биласиз, ўзбекларда ўзига хос одат бор, ҳар бир оила аъзоси бирга ишлатса, ҳеч нарса қилмайдику, деб ўйлайдилар ва бу нарсага эътибор беришмайди. Бу қанчалик тўғри?
 
– Гигенанинг ўз талаблари бор. Гигена индивидуаллик талабидан келиб чиқади. Бир инсон ишлатган нарсани иккинчи одам ишлатиши учун у стерил ҳолатда бўлиши керак. Бу тиббиёт талаби, бир инсон кўп маротаба ишлатган нарсани иккинчи одам ишлатиши мумкин эмас. Айнан бир воситани бир нечта одамга қўллаш “ўзбекчилик”да кўп учрайди. Буни энди қайсидир томондан чеклаб, қайсидир томондан касалликни тарқатишимиз мумкин. Гигиеник восита ҳар бир одам учун махсус бир дона бўлади ва уни фақат ўзи ишлатиши лозим. Бошқа одамга, ўртоғига фойдаланиш учун берилиши, аслида, гигиеник қонуният томонидан тавсия этилмайди. Ҳатто оила аъзолари ҳам бошқа флора бўлгани учун фойдаланиши мумкин эмас.
 
Кўпчилик оилаларда моддий тарафдан қийинчилик бўлгани сабабли ҳар бири учун мосламани сотиб ололмаслиги кумкин. Бундай ҳолатда нима қилиш керак?
 
– Умумий қилиб айтадиган бўлсак, оила буюджетини асраш ёки моддий тарафдан чеклангани ҳисобга олинса, бу ишимиз даволашга кетадиган сарф-харажатлардан бир неча бор арзонлаштирилган. Ушбу ишимиз катта харажатлардан қочиш ёки унинг олдини олишга қаратилган.
 
Ушбу дори воситаларини вилоятларга етказиш ва хорижга экспорт қилиш мўлжалланганми?
 
– Бу маҳсулот Тошкент шаҳридаги дорихоналарда мавжуд. Кейинги босқичда воҳаларга етказишни режалаштирганмиз. Яқинда тиббиёт кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазманинг айнан қизиқ жойи шу бўлдики, бизнинг ўлка иқлимига тўғри келадиган қўшни мамлакатлардаги ҳамкасбларимизга ушбу маҳсулотимиз маъқул келди. Шунга кўра, ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқдик. Гарчи ҳозир бундай натижага эришмаган бўлсак-да, улардан ижобий таклифларни кутяпмиз.
 
– Энди она-бола мавзусига ўтсак. Кўпинча оналар чақалоғини озиқлантирганда тўғри эмизиш қоидаларига риоя қилишмайди. Ушбу ҳолатда қандай касалликлар келиб чиқиши мумкин?
 
– Болани тўғри эмизиш қоидаларига риоя қилган ҳолда эмизиш лозим. Тўғри эмизиш эса кўкрак учини бола оғзи билан тўла қамраб олади. Бола лаби ва милклари кўкрак учи асоси (ареоласи)ни ямлаб туради. Боланинг пастки лаби кўкрак учи асосидан узоқроқда жойлашади. Боланинг тили ареола соҳасидан пастроқда лаб билан милкка тақалиб туради ва кўкрак учини танглайга босиб, сут чиқишига ёрдам беради.
 
Энди нотўғри эмизганда қандай ҳолатлар юз беради? Бола фақат кўкрак сўрғичини эмади ёки чайнайди. Тил кўкрак учида бўлади, бола лаби ва милклари ареола ўрнига кўкрак учини сўради ва бола лаблари ичкарига қараб тортилиб киради. Бундан ташқари, нотўғри эмизишнинг бизни қийнайдиган энг ёмон тарафи – бурун ва қулоқ касалликларининг пайдо бўлишидир.
 
– Болани қай ҳолатда тўйинтириш керак? Кўпчилик ётқизиб эмизади, бу тўғрими?
 
– Болани ётқизиб эмизиш мумкин эмас. Фараз қилинг, сиз ётган ҳолатда ичимлик ича оласизми? Албатта, йўқ. Бола ҳам шундай, у қорни очқаганини айта олмайди. Фақат йиғлаш орқалигина нимадир хоҳлаётганини билдиради. Аммо ёш оналаримиз буни тушунмайди. Улар ўзлари истаган пайтида эмизади. Қорни оч қолган бола эса бундан унумли фойдаланишни кўзлайди ва катта глатания олади, сўнгра яхши ютинмайди. Ютина олмагандан кейин бир қисми бурун халқумига чиқиб кетиб, бурнидан сут оқади. Сўнгра она “болам қалқияпти” деб шикоят қилади. Бурун бўшлиғида ташқаридан кирадиган бактерия ва вируслар мавжуд. Бизнинг нотўғри ҳаракатимиз туфайли таркибида шакaр, сув, ёғ мавжуд бўлган она сути билан мана шу бактериялар озиқланаверади ва сурункали жараён бошланади, бурун, оғиз бўшлиқлари ва қулоқ канали азият чекади. Оқибатда суяклар емирилиши, ноғорапарданинг тешиги борган сари катталашиб, қулоқнинг товуш эшитиш хусусияти пасайиб боради. Эътиборсизлигимиз натижасини бола катта бўлганда, турмушга чиқаётган ёки уйланаётган вақтида биламиз. Бундай салбий оқибатлар кузатилмаслиги учун юқоридаги тўғри эмизиш қоидаларига риоя қилиш зарур.
 
– Ана шундай ҳолатда болани қай ҳолатда эмизган маъқул деб ўйлайсиз? Ёш оналарга қандай маслаҳатлар берасиз?
 
– Бола эмизишнинг турли қулай ҳолатлари маълум. Улар ичида энг кенг тарқалгани — тиззада олиб ўтириб эмизишдир. Ҳар бир она боласини эмизиш учун ўзига энг қулай ҳолатни танлаши лозим. Бунда тиббиёт ходимларининг роли катта бўлиб, тегишли ҳолатни улар оналарга туғишдан олдин ва онанинг кўзи ёригандан кейин ўргатишлари лозим. Бола эмизишнинг қулай ҳолатларидан яна бири — бола бешикда ётган ҳолатдир, чунки она бешик ёнида ўтирганда кўкраги болага мос келади, онанинг қўллари эркин бўлгани учун бемалол эмизишга имкон туғилади. Бешикда ётган боланинг кўкрак олиши қулай бўлади, кўкрак юқорироқда тургани учун сут келиши тезлашади.
 
Эмизиш учун қулай ҳолатда она бутун вужуди билан болани ҳис қилиб роҳатланиб эмизади. Боланинг ёноқлари она кўкрагига тегиб туради, бола оғзини катта очиб, лаблари чўччайиб, кўкракка интилади. Кўкрак учини ямлаб олгач, аста-секин сўра бошлайди. Бола тинч ва хотиржам эмганда, она кўкрагининг учида оғриқ сезмайди. Бундай тўғри эмизиш сурункали бурун ва қулоқ касалликларининг ҳам олдини олади.
 
– Самимий суҳбатингиз ва керакли маслаҳатларингиз учун миннатдорлик билдирамиз.
 
Мадина Муҳаммадиева суҳбатлашди.
Фото: Акбар Худойберганов

Теглар:Шамоллаш қулоқ ва бурун касаллиги Жамшид Қурбонов Нотўғри эмизиш Гайморит АQUA Fil 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!