...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фаррух Зокиров 70 ёшни қаршилади


14:55, 16.04.2016 Шоу-бизнес
 7 574

Бугун International меҳмонхонасида хонанданинг таваллудига бағишланган кеча бўлиб ўтади.

Бугун, 16 апрель куни ўзбек эстрадасининг тамал тошини қўйган санъаткорлардан бири, “Ялла” гуруҳи билан ўзбек санъатини бутун МДҲ, қўйингки, АҚШ, Германия, Хитой каби мамлакатларга танитган ижодкор Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров қутлуғ 70 ёшни қаршилади. Санъаткор таваллуд куни муносабати билан бугун тонгда пойтахтдаги ресторанлардан бирида дастурхон ёзиб, элга ош берди. Эртага, 17 апрель куни пойтахтдаги International меҳмонхонаси юлдузлар ёғдусига тўлиши шубҳасиз. Боиси Фаррух Зокиров таваллудининг 70 йиллигига бағишланган асосий кеча айнан шу меҳмонхонада бўлиб ўтиши ҳақида таҳририятимизнинг ишончли манбаларидан бири хабар берди. Кечага Ўзбекистон халқ артистлари Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева, Шерали Жўраев, Озодбек Назарбеков, Ёдгор Саъдиев, Ёқуб Аҳмедов, Гулсанам Мамазоитова, Ғуломжон Ёқубов ва бир қатор эстрада хонандалари таклиф этилгани ҳақида хабарлар мавжуд.
 
Бугун эрта тонгдан юлдузларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари Фаррух Зокировнинг суратлари билан тўлиб тошди. Унда ҳар бир санъаткор устоз ижодкорга нисбатан табригини йўллаб, дилидаги илиқ ниятларни ёзиб қолдирмоқда. Улар орасида Фаррух Зокировнинг жияни Жавоҳир Зокировнинг табриги эътиборимизни тортди.
 
“Бу йил Зокировлар оиласи 10 кунлик фарқ билан икки муҳим кунни нишонлайди. Бугун Фаррух Зокировнинг 70 ёшга тўлиши ва  26 апрель куни Ботир Зокиров таваллудининг 80 йиллиги. Умрингиз узоқ бўлсин, амакижон! Амакимга мустаҳкам соғлик тилайман. Узоқ йиллар оиламизнинг боши бўлиб турсинлар. Мен сизга барчаси учун чексиз миннатдорчилик билдираман”.

Ҳеч бир давра, ҳеч бир тадбир, халқамизнинг тўй-ҳашами йўқки, “Ялла” гуруҳи, хусусан, Фаррух Зокиров ижросидаги дурдона қўшиқлар куйланмаса. Бу ижодкор яратган қўшиқлар неча йилларким ўзбек эстрада санъатининг нодир асарлари сифатида авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. “Учқудуқ”, “Шаҳрисабз”, “Чайхана”, “Кел”, “Бака-бака банг” каби қўшиқлар халқимиз қулоғига ўрнашиб, тиллардан тилларга кўчган. Булар орасида “Келибди”нинг ўрни бўлакча. Неча йилларким ҳар бир тўй шу қўшиқ билан очилади. Зокиров оппоқ либосда, нигоҳларини ердан узмай, ёр уйига кириб келаётган қизни шу қадар нозик, шу қадар эҳтиром билан таърифлаганки, қўшиқ икки ёшнинг соф муҳаббати ва бу оиланинг бахтли келажагидан сўзлайди.
 


Зокировлар сулоласи ҳақида
Фаррух Зокиров 1946 йилнинг 16 апрелида санъаткорлар оиласида дунёга келди. Отаси – Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокиров Алишер Навоий номидаги Давлат Академик Катта Театрида фаолият юритган. Онаси Шоҳиста Саидова ҳам миллий қўшиқлар ижрочиси сифатида машҳур бўлган қўшиқчилардан эди.
 
Зокировлар хонадони санъаткорлар қадами узилмайдиган, янги асарлар яратиладиган, муҳокама қилинадиган асосий масканлардан бири эди ва бу муҳит фарзандлар тарбиясида ижобий таъсирини кўрсатди. Тўнғич ўғил – Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров замонавий ўзбек мусиқаси яратилишига катта ҳисса қўшган қўшиқчилардан бири эди.
 
Ота-онаси ва акасининг ортидан борган Фаррух Зокиров эришган ютуқларни санашга эса бармоғимиз камлик қилади. Фаррух Зокиров бугунгача бўлган ижоди давомида Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ингушетия Республикаларининг Халқ артисти унвони билан тақдирланди.
 
Марҳум актёр Ўзбекистон халқ артисти Жамшид Зокиров ҳам оиланинг навбатдаги иқтидорли вакилларидан бири эди. Бугун унинг ўғли Жамшид Зокиров ота касбини давом эттириш билан бирга, амакилари ва бобосининг йўлидан бориб қўшиқ ҳам куйлаяпти.

Бир вақтлар “Ялла” гуруҳи таркибида қўшиқ куйлаган Луиза Зокировани танимаган одам бўлмаса керак. Хонанда ўша вақтларда ширали овози билан нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ давлатларида шуҳрат қозонган эди.
 
Биз таҳририятимиз номидан Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировни таваллуд айёми билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик ва куч-қувват тилаймиз. 


 

Теглар:Фаррух Зокиров 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!