Фарғонанинг Бувайда туманида истиқомат қилаётган Ҳувайдо Умарова жорий йилда 121 ёшни қаршилаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 24 августдаги фармонига биноан 121 ёшни қаршилаган Ҳувайдо Умарова ҳам “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Ҳувайдо момога давлатимизнинг юксак мукофоти – “Шуҳрат” медалини Президент Ислом Каримовнинг номидан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев топширди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Умрининг кўп қисмини далада ўтказган момо болалиги, ёшлиги, ундан кейинги даврлар машаққатию захматларини ўкинч билан сўзлади. Истиқлол ҳаётига янгича мазмун бахш этгани, бугунги тинч, фаровон турмушимиз, фарзанду набиралари, эвараю чевараларининг бахтиёр ҳаётига шукрона келтирди. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз фаровон яшашини сўраб, дуо қилди.