Яна бир неча кундан кейин Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистонга келади.
Ўтган йили Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан ўзбекистонлик журналистлар бир неча бор Туркияга сафар уюштирдик.
Шонли урфа ва Усмония шаҳарларида 15 мамлакатдан келган 36 нафар журналист қочқинлар лагерларида бўлиб, шароит билан танишдик.
...Рамазон ойи эди. Бизни Шонли урфа шаҳрига, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан халқ учун ўтказилаётган ифторликка таклиф қилишди. Президент сўзга чиқди, узоқ нутқ сўзлади. Одамлар қўлида байроқлар билан олқишларди. Шунда турк халқининг Ватанпарварлиги, мамлакат байроғини қўлидан қўймаслигини кўриб, ҳайрон қолгандик.
Бирдан пичир-пичир бошланди. Президент журналистлар билан учрашаркан, ёнимизга келаркан дейишди. Бу ҳақиқатан ҳаёжонли, ҳақиқатан тарихий воқеа эди. Туркия раҳбари билан учрашишни туш кўрибмизми... Ражаб Тойиб Эрдўған ёнимизга яқинлашди. Ўзбекистондан "Ориат доно" радиоси Бош муҳаррири Ҳожимурод Отақулов ва мен боргандим. Турк тилини билганим иш берди. "Биз Ўзбекистондан келдик, саломлар келтирдик", дедим.
Албатта, мамлакат раҳбарини бир зумда журналистлар ўраб олди, ким савол билан мурожаат қилган, ким у билан кўришиш илинжида қўл узатган. Эрдўған ўзини жуда вазмин тутарди. У биз томонга келганда илиқ кўришдик. Президент биз билан суҳбатда табассум қилди ва “Ўзбекистон ота юртимиз, сизларга саломлар бўлсин, хуш келибсиз турк диёрига!”, дея илтифот кўрсатди. Шу он унинг атрофини ўраб олган қўриқчилар суратга тушишимизни таклиф қилишди. Қўл телефонимни чиқариб, селфи-суратга олаётганимни кўрган Президент селфини ёқтирмаслигини билдирди, аммо ота юртлик қардошларга мумкин, дегандек елкамдан тутиб, нигоҳларини телефон камерасига қаратди.
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ўзбек халқи, хусусан, Ўзбекистонга бўлган илиқ муносабатини унинг табассумидан сезиш қийин эмасди.
Айтишларича, дунё миқёсида Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан селфи-суратга тушган биринчи журналист мен бўлибман. Бу муҳимми ёки йўқ, билмадим. Аммо мен ўзимга кўрсатилган ҳурмат ва эътиборни давлатимиз, халқимизга кўрсатилган ҳурмат ифодаси, деб биламан.
Бизга бутун сафар давомида шундай ҳурмат кўрсатилди. Қайси ташкилотдаги йиғилишга бормайлик, қайси тадбирда қатнашмайлик, Ўзбекистондан келган журналистлар деб алоҳида таништиришарди.
Бугун Ўзбекистон ва Туркия тарихий даврни бошдан кечиряпти. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг янада мустаҳкамланаётгани, ҳар соҳада йўлга қўйилаётган икки тарафлама ҳамкорлик қардош халқни бир-бирига янада яқин, орзу ва мақсадларини муштарак этмоқда.
Яна бир неча кундан кейин Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистонга келади. У билан ўз диёримизда ҳам қаршилашиш, ўша суратни янгилаш насиб этар, балки...
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари