Туркияда 2019-2023 йилларга мўлжалланган Стратегик режа устида иш олиб борилмоқда.
Президентнинг айтишича, ҳукумат август охирига қадар ўрта муддатга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини эълон қилади. Бундан ташқари, 2019-2023 йилларга мўлжалланган Стратегик режа устида иш олиб борилмоқда. Президент бу ҳужжат ноябрь охирига тайёр бўлишини маълум қилди.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, дастлабки 100 кундаёқ ҳукумат мингдан ортиқ лойиҳани ҳаётга татбиқ қилишни бошлайди. Нисбатан йирик 400 лойиҳа қисқа муддатли дастурда ўз аксини топган.
“Яқин уч ой давомида умумий суммаси 46 миллиард турк лирасига тенг 400 йирик лойиҳа Туркиянинг келажакдаги ривожи учун туртки бўлади”, деган Эрдўған.
Туркия етакчисининг сўзларига кўра, қачонки, мамлакатга турли йўналишларда босим ва таҳдид бўлса, расмий Анқара фақатгина ўз кучига суяниши керак.
Президент Эрдўған Туркия мудофаа саноатидаги лойиҳалардан воз кечмаслигини алоҳида таъкидлаган.
“Мудофаа саноатига йўналтирилган лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга. Ҳукуматнинг қисқа муддатли ҳаракатлар режасига киритилган 400 лойиҳанинг 48 таси мудофаа саноатига қаратилган”, деб аниқлик киритган Эрдўған.
Минтақадаги вазиятга тўхталиб, АҚШ ва Туркия муносабатларидаги муаммолар Суриянинг Манбиж вилояти бўйича ҳаракатлар режасини амалга оширишга тўсиқ бўлмаслигига умид билдирган.
Шунингдек, Эрдўған тез орада Ироқнинг Мосул ва Басра шаҳарларида Туркия бош консуллиги фаолияти тикланишини маълум қилган.
Туркияга қарши иқтисодий уруш олиб борилмоқда
Президент Туркияга қарши иқтисодий уруш олиб борилаётганини, бироқ бундан ташвишга тушиш ноўрин эканини айтган. “Биз бу урушдан ғолиб бўлиб чиқамиз”, деб таъкидлаган Эрдўған.
Туркия Президенти аҳолини олтин ва пулларини турк лирасига алмаштириган ҳолда миллий валютага ишонишга чақирган.
“Миллий бирлик руҳини кўрсатинг”, деган президент.
Президент нутқида Хитой, Россия, Мексика ва Ҳиндистон бозорлари Туркия учун биринчи даражали эканини таъкидлаган.
“Туркиянинг вақт йўқотишга ҳаққи йўқ. Биз Республика ташкил топганининг 100 йиллиги нишонланадиган 2023 йилгача Йўл харитасини белгилаб олдик. Сўнгги беш йилдаги ҳодиса ва жараёнлар ушбу Йўл харитасини амалга оширишни секинлаштирди. Яқин беш йилда белгиланган мақсадга етишиш учун икки, ҳаттоки, уч баробар кўп ҳаракат қилишимиз керак”, деган Туркия раҳбари.