Ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш усуллари турлича бўлиши мумкин.
Аслида ўз жонига қасд қилиш ҳаётнинг қадрига етмаган, яшашни истамаган, атрофдагилардан норози шахснинг тушкунликка тушган, руҳан толиққан (кўпинча ёш-ўспиринларда учрайди) пайтида содир этган ҳаракатидир. Бунда инсон охирги дақиқагача яшашни истайди, бироқ бу туйғу унинг ўз жонига қасд қилишига ғов бўла олмайди.
Шахсларни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш жиноят ишлари тўғрисидаги қонунлар судлар томонидан тўғри қўлланилмоқда. Шу билан биргаликда, ушбу жиноятларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитлар ҳар доим ҳам чуқур ва атрофлича аниқланмайди, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш тўғрисида айрим вақтларда жамоатчилик хабардор қилинмайди. Оқибатда жиноятларнинг олдини олиш учун зарурий чоралар кўрилмасдан қолинмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси, Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази томонидан ўрнатилган тартибида келишиб, ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасида ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ва унга оғдириш ҳолатлари сонини камайтириш, жиноий-ҳуқуқий чора-тадбирлар орқали фуқароларнинг ҳаёти янада самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида, Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисмининг санкциясида кўзда тутилган озодликдан маҳрум этиш жазо муддатини ошириш йўли билан, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик учун жазо чорасини кучайтириш ҳамда ушбу модданинг иккинчи қисмига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган жиноятлар учун қаттиқ турдаги жазо чораларини кучайтиришни ва ўзини ўзи ўлдиришга оғдирганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Суд статистикаси таҳлили шуни кўрсатмоқдики, ЖК 103-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этиш охирги йилларда турли кўрсаткичларда эканлиги кузатилмоқда.
Жумладан, 2013 йилда судлар томонидан ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш билан боғлиқ 52 нафар шахсга нисбатан 43 та жиноят иши, 2014 йилда судлар томонидан 75 нафар шахсга нисбатан 64 та жиноят иши, 2015 йилда судлар томонидан 56 нафар шахсга нисбатан 54 та жиноят иши, 2016 йилда судлар томонидан 53 нафар шахсга нисбатан 49 та жиноят иши кўрилган.
Жазо амалиётининг таҳлилига кўра, 2013 йилда мазкур турдаги жиноятни содир этган шахсларнинг 39 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 2 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 2 нафарига жарима жазоси, 2014 йилда мазкур турдаги жиноятни содир этган шахсларнинг 52 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 8 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 3 нафарига жарима жазоси, 2015 йилда мазкур турдаги жиноятни содир этган шахсларнинг 40 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 8 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 1 нафарига жарима жазоси, 2016 йилда мазкур турдаги жиноятни содир этган шахсларнинг 29 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 5 нафарига озодликни чеклаш, 3 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 1 нафарига жарима жазоси тайинланган.
Ҳозирги кунда шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ижтимоий хавфли жиноят дея баҳоланиб, унга нисбатан МДҲга аъзо барча давлатлар Жиноят кодекси ва қонунларида жиноий жавобгарлик белгиланган. Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатдики, Хитой, Япония, Эстония ва Туркия давлатлари жиноят қонунчилигида ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик учун 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланган.
Ўйлаймизки, мазкур лойиҳа фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, ушбу тоифадаги жиноят ишларининг миқдорини камайишини таъминлашга хизмат қилади.
Алия Юнусова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси