ИИВга ишга кирмоқчи бўлган аёлларнинг бўйи 160 см.дан, эркакларни эса 165 см.дан паст бўлмаслиги керак.
Видеоселектор йиғилишини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов олиб борди.
Шунингдек бу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О. Муродов, Президент девони масъул ходимлари, вазирликнинг соҳавий хизматлари, таълим муассасалари ва академик лицейлари, жойлардаги ички ишлар органлари раҳбарлари, шаҳар-туман, шунингдек, шаҳар, қўрғон ИИБлари бошлиқлари, ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика катта инспекторлари иштирок этди.
Ички ишлар органларига қабул қилиш тизимининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида бундан буён мавжуд бўш лавозимларни сифатли тўлдириш борасида ҳар бир ички ишлар органида тизимли тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилади ва олий таълим муассасаларида “Очиқ эшиклар кунлари” ўтказиб борилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, видеосекторда эндиликда хизматга бўйи 165 сантиметрдан паст бўлмаган эркаклар ва 160 сантиметрдан паст бўлмаган аёллар қабул қилиниши ҳам айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, дастлабки синов тадбирларидан диктант чиқариб ташланган, якуний танлов номзод билан якка тартибдаги суҳбат шаклида ўтказилиши белгиланган (аввал тест синови қабул қилинарди).
“Постда” газетаси хабарига кўра, шунингдек, сержантлар таркибига ўрта маълумотли фуқаролар қабул қилинишига рухсат берилган (аввал ўрта махсус ва олий маълумотли фуқаролар қабул қилинар эди).