...
МЕНЮ
ONLINE TV

Энди “Очиқ осмон” режими Андижон, Нукус ва Навоий аэропортларида ҳам қўлланилади


10:47, 23.02.2018 Жамият
 3 353

Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК фаолиятини қаттиқ танқид остига олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 6 февраль куни имзоланган “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорда “Қарши” халқаро аэропортини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг таркибидан чиқариб, халқаро аэропортларни бошқариш бўйича махсус компания бошқарувига бериш, аэропорт ҳудудида “Очиқ осмон” режимини, шу жумладан, лоукостер авиакомпанияларини жалб қилган ҳолда жорий қилиш айтилган эди.
 
“Қарши” аэропортида жорий қилинган “Очиқ осмон” режими сайёҳларга кенг эркинлик яратмоқда. Эндиликда шундай тизим Андижон, Нукус ва Навоий аэропортларида ҳам қўлланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида туризм масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
 
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб сайёҳларнинг қарийб 60 фоизи энг қиммат эканига қарамасдан, ҳаво транспортидан фойдаланади.
 
Йиғилишда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг бу борадаги сусткашлиги қаттиқ танқид қилинди. Авиачипталар нархини оптималлаштириш, янги рейслар очиш, транзит йўловчиларни ташиш имкониятини ошириш ва авиақатновлар географиясини кенгайтириш бўйича натижали иш олиб борилмаяпти.
 
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси олдига қатор вазифалар қўйилди. Уларга мувофиқ, авиакомпания тизимига замонавий маркетинг жорий этилади, дунё аэропортларида мавжуд бўлган махсус мосламалар, мобиль алоқа воситалари ёрдамида авиачипта сотиб олиш имкониятлари яратилади.
 
Президент сайёҳларнинг кайфиятига таъсир қиладиган энг кичик жиҳатларгача эътибор қаратди. Аэропортлар залларидаги чироқлар хиралиги, паспорт назорати кабиналари тўлиқ ишламаслиги, узундан-узоқ сунъий навбатлар, такси хизмати кўрсатувчи хусусий автомобиль эгаларининг тартибсизлиги каби ҳолатларни яхшилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
 
Йиғилишда қайд этилганидек, 30 кунгача виза олиш бекор қилинганидан кейин икки кун ичида Исроилдан Ўзбекистонга келиш учун июнь ойигача бўлган авиачипталар сотиб бўлинган. Шу боис виза режими бекор бўлган давлатлардан қатновлар сони оширилади, Тошкент шаҳридан ташқари Бухоро, Самарқанд, Урганч, Навоий ва Қарши шаҳарларига ҳам тўғридан-тўғри рейслар очилади. 

Теглар:Очиқ осмон Ўзбекистон ҳаво йўллари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар