...
МЕНЮ
ONLINE TV

Элмурод Тасмуродов: “Юртбошимизнинг хотираси олдида таъзим қиламиз”


17:41, 08.09.2016 Спорт
 3 481

Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида бронза медалини қўлга киритган Элмурод Тасмуродов энг катта орзуси Президент Ислом Каримов билан учрашиш бўлганини айтди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти бутун халқимизни чуқур қайғуга солди. Куни кеча ўзбекистонлик спортчилар Рио-де-Жанейрода ўтказилган XХXI ёзги Олимпиада ўйинларида 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза медалларини қўлга киритиб қайтганида халқимиз жуда қувонган эди. Олимпиада совриндорларига Президент Фармони билан пул мукофотлари ҳамда Malibu автомобили тақдим этилди. Бироқ шундай қувончли кунларда спортчиларнинг қўлини сиқиб, фарзандларини ғалаба билан қутлаш Президент Ислом Каримовга насиб этмади. Аслида ўзинг эккан ниҳолнинг мевасини ейишданда тотли он йўқ. Ислом Каримов фарзандларининг зафар қучганини кўрди, тўйни тўёнасиз қўймади, бироқ қувонч тўла кўзларни ёшлатиб кетди.
 
Халқимиз бошига тушган оғир мусибат Олимпиада совриндорларининг кайфиятига ҳам таъсир ўтказди.
 
Элмурод Тасмуродов, юнон-рум кураши бўйича Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати ва XXXI ёзги Олимпия ўйинлари совриндори: 
 
– Президентимиз ҳамиша юрти, халқи учун ёниб, жонини фидо қилиб яшади. Юртбошимизнинг биз ёшларга “буюк келажагимиз эгалари” дея алоҳида меҳр кўрсатгани, ҳар биримизни бағрига босишга, нимаики орзуимиз бўлса ижобат қилишга тайёр экани ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди. 

Ислом Каримовнинг халқимизга инъом этган энг олий туҳфаси, шубҳасиз, юртимизнинг тинчлиги, осмонимиз мусаффолигидир. Тинчлик бўлмаса, ҳеч қандай ғалаба ҳам, байрам ҳам татимаслигини яхши биламиз.

Мен мустақиллигимиз эълон қилинган 1991 йили туғилганман. Бутун ҳаётим, спортда эришган ютуқларим мустақил Ватанимиз, Президентимизнинг эътибор ва ғамхўрлиги билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимизда ёшларнинг камолоти учун яратилган кенг имконият ва шароитлар туфайли халқаро майдонларда улкан натижаларга эришаяпмиз. Бунинг учун Юртбошимизнинг хотираси олдида таъзим қиламиз.
 
Бразилияда ўтган Олимпия ўйинларидаги ғалабаларимизни халқимиз, Президентимиз катта қувонч билан кутиб олган эди. Юртбошимиз камтарона меҳнатимни юксак баҳолаб, 2016 йил 24 августдаги фармони билан “Меҳнат шуҳрати” орденига муносиб кўрди. Афсус, у киши билан кўришиш, давлат мукофотини ўз қўлларидан олиш, миннатдорчилигимни изҳор қилиш орзуси энди менга армон бўлиб қолди...
 
Президентимизнинг руҳини шод қилиш учун биз, спортчилар бундан кейинги нуфузли халқаро мусобақаларда, хусусан, 2020 йили Японияда бўладиган Олимпиадада ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ваъда берамиз. 

Теглар:Ислом Каримов Элмурод Тасмуродов Хотира 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!