
Мазмунан саёз, миллий маънавият ва қадриятларимизга, ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатишнинг олди олинади.
Мазкур қарорда белгиланганидек, китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши лозимлиги қайд этилди.
Дастурни рўёбга чиқаришда лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосидаги илмий-техник, адабий-бадиий ва энциклопедик адабиётларни янада кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, қишлоқ аҳолисига кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини ташкил этиш чоралари тўғрисида тадбирлар режаси лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш каби вазифаларини бажариш лозим.
Қарорда қайд этилганидек, Ўзбекистонда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берадиган eReader электрон ўқув қурилмаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Уларнинг ахборот базасига умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари учун дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий, илмий-назарий манбаларни жойлаштириш, бундай маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш механизмлари жорий этилади.
Ҳужжатда қайд этилганидек, мазмунан саёз, миллий маънавият ва қадриятларимизга, ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатишнинг олди олинади.