5 йилга мўлжалланган грант битими давлат хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилашга қаратилган.
Бу ҳақдаги битим адлия вазирининг биринчи ўринбосари Н.Жўраев ҳамда Марказий Осиё ва ЕИ ҳамкорлигини ривожлантириш департаменти директори Пьер Амилхат томонидан кеча, 21 ноябрь куни Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон—Европа Иттифоқи” Ҳамкорлик кенгашининг 14-йиғилишидаги иштироки давомида имзоланди.
5 йилга мўлжалланган грант битими давлат хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилашга қаратилган қатор тадбирларни молиялаштиришни кўзда тутади.
Хусусан, лойиҳада Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Давлат хизматлари марказларини техник жиҳатдан жиҳозлаш, жумладан, сервер, компьютер, тармоқ, телекоммуникация ускуналари, электрон навбат тизими ва видеокузатув мосламаларини харид қилиш режалаштирилган.
5 та тажриба ҳудуди (Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари)да давлат хизматлари сифати ва тезкорлигини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, уларда Инновация ғоялари ва ишланмалари марказларини ташкил қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, грант доирасида ихтисослашган давлат хизматлари веб-портали, мутасадди органлар ва давлат хизматлари марказлари ўртасида ахборот алмашиш, мобиль иловалар орқали онлайн тарзда давлат хизматлари кўрсатиш учун интеграциялашган маълумотлар базаси ташкил қилинади.
Инновацион технологияларни жорий этиш доирасида мазкур битим блокчейн-технологиялари, Давлат хизматлари марказлари ходимлари фаолияти самарадорлигини режалаштириш ва баҳолашнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги ходимларининг хорижий таълим муассасаларида малакасини ошириш бўйича ҳам ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилади.