Эдди Мерфининг қилмиши мухлислари ва Голливуднинг бир қатор ижодкорлари томонидан танқид қилинмоқда.
Ўшанда Иззи деб исм қўйилган қизалоқни Эддининг дўсти Пейж Бутчер дунёга келтирганди. Бироқ орадан 3 ой ўтганига қарамай, Пейж Иззига керакли барча нарсани ўзи сотиб олишга, бошқача қилиб айтганда уни ёлғиз таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда “Starslife.ru” нашри ёзмоқда.
Қизалоқнинг тарбиясида, моддий эҳтиёжларида унинг отаси Эдди Мёрфи ҳеч қандай ўрин тутмаяпти. Актёрдан бу ҳақда сўралганида, у қуйидагича жавоб берган:
“Пейж ажойиб аёл ва она. Ишончим комилки, у менсиз ҳам ҳамма нарсани ўзи эплай олади. Мен таглик алмаштирмайман, бу қўлимдан келмаса ҳам керак. Шундай экан, болани қийнашдан нима наф?”
Эддидан бундай жавобни эшитгач, Голливуд ижодкорлари ва актёрнинг мухлислари орасида кичик кўринишдаги ғалаён кўтарилмоқда. Улар орасида “Фарзандларини боқолмас экан, тўққизта болани дунёга келтириб нима қиларди?”, деган саволни бераётганлар бор.
Айтиш лозимки, актёрнинг Иззидан ташқари яна саккизта фарзанди бор. Уларни жами бешта аёл дунёга келтирган.
55 ёшли Голливуд актёрининг биринчи рафиқаси Николь Митчелл билан бешта фарзанди бор. Бундан ташқари, сермуҳаббат актёрнинг яна икки севгилиси Полетт Маккнили ва Тамара Гуддан биттадан ўғли, қўшиқчи Мелани Браундан қизи бор. Эддининг тўнғич фарзанди ҳозир 26 ёшда. Агар кечагина дунёга келган Иззини ҳисобга олмаганда, энг кичик фарзанди 9 ёшда.
Эдди Мёрфи ўзининг ғаройиб комик образлари билан миллионлаб мухлислар қалбидан жой эгаллаган. У иштирок этган “Беверли-Хиллзлик полициячи”, “Доктор Дулиттл”, “Аҳмоқ профессор”, “Олтин бола”, “Ўрин алмашамиз” фильмлар томошабинлар орасида жуда машҳур. Қолаверса, у болаларнинг севимли мультфильмларидан бири “Шрек”даги эшакка овоз берган.