...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дунёни асрайдиган сўзлардан бирини биласизми?


14:34, 16.03.2018 Бу қизиқ
 4 546

Фақир одам шу қадар миннатдор бўлдики, қизнинг ортидан дуо қилиб қолди.

Эрталаб мактабга кетаётган жажжи қизалоқ йўлида учраган маҳзун қиёфадаги кишига табассум билан салом берди.
 
Бу табассумдан у киши шу қадар таъсирландики, беихтиёр унинг юзига бахтиёрлик югурди. Яхши кунларини эслади.
 
Бирдан яқиндагина ёрдам берган дўстига миннатдорлик билдирмагани ёдига тушди. Телефонини олиб, дўстининг рақамини терди. Аҳволини сўраб, ишларига омад тилади.


 
Дўсти эса бундай миннатдорликдан боши кўкка етиб, тушлик пайтида ошхона хизматчисига алоҳида эҳтиром кўрсатиб, ҳар кунгиданда кўпроқ пул берди.
 
Хизматчи қиз бир кунда ҳеч қачон бунчалик кўп пулга ишламаганди. У оқшомга яқин уйига қайтаркан, кўчаси бошидаги фақир қўшнисига пулининг ярмини берди.
 
Фақир одам шу қадар миннатдор бўлдики, қизнинг ортидан дуо қилиб қолди. Кейин эса нарироқдаги ошхонага бориб тўйиб овқатланди.
 
Қайтишида эса кўча четидаги дарахт остида совуқдан дир-дир титраётган кучукни кўрди-ю, раҳми келиб, қўйнига олди.
 
Уни ҳам ўзи билан бирга уйига олиб кирди. Кучукча иссиқ уйга кирганидан роҳатланиб, у ёқдан, бу ёққа югура бошлади.
 
Туннинг қоқ ярмида кучукчанинг вовуллашидан фақир одам уйғониб кетди. Қараса, қўшнисининг уйига ўт тушиб, аланга бошқа уйларга ҳам хавф солмоқда эди.
 
Бир зумда одамларни ёрдамга чақирди. Қўшнилар тезлик билан ёш болаларни, аёлларни аланга ичидан олиб чиқишиб, хавфни ҳам бартараф этишди.
 
Буларнинг барчаси эрталабда арзимасдай туюлган, лекин баҳоси йўқ табассум билан берилган саломнинг шарофати эди.
 
Шу боис ҳар тонг ҳаммага самимий саломингизни дариғ тутманг Чунки сизга оддий кўринадиган “Салом” сўзи дунёни асраши мумкин!
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Салом 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!