...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дунёда илк бор гўдак онадан икки маротаба туғилди


10:21, 24.10.2016 Олам
 8 435

У жарроҳлик амалиёти туфайли она қорнидан ташқарига чиқарилди, 12 ҳафтадан кейин эса чақалоқ ўз вақтида дунёга келди.

АҚШнинг Техас штатида яшовчи Маргарет Бомер учинчи фарзандини дунёга келтириш учун ғаройиб жараённи бошдан кечиришига тўғри келди.
 
Гап шундаки, ҳомиладорликнинг 16-ҳафтасида болада думғаза қисмида мавжуд бўлган бир қатор тератома – ўсимталари борлиги аниқланди. Агар бирор тиббий чора кўрилмаса, ҳомила катта бўлгани сари ушбу йириклашиб, думғаза қисмидан ўсиб чиқарди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, бу ўсимталар ҳомилада ва янги туғилган чақалоқларда учрайдиган энг кенг тарқалган тур экан. Ушбу ўсимта болада қон айланиш тизимини бузади, ривожланиш жараёнининг ўз ўрнида кетиши ва ҳатто, юракка ҳам таъсир қилиши, гўдакнинг нобуд бўлишига олиб келиши мумкин.
 
Маргаретда эса ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида, дунёга келадиган қизалоқда юрак етишмовчилиги белгилари пайдо бўла бошлади. Шифокорлар орасида Маргаретга боладан воз кечишни таклиф қилганлар ҳам бўлди. Бироқ аёл буни истамади.
 
Техасдаги болалар маркази шифокори, профессор Дарелл Касс эса Маргаретга ҳомила устида жарроҳлик амалиёти ўтказиш таклифини берди. Албатта, бу жуда хавфли жараён, бироқ она қорнидаги ҳомила учун бу тирик қолишнинг ягона йўли эди.
 
Маргарет рози бўлгач, Касс она ва бола устида 20 дақиқалик жарроҳлик амалиётини ўтказди. Бунинг учун боланинг маълум қисми онанинг қорнидан ташқарига чиқарилди. Ўсимта катта бўлгани сабабли, уни олиб ташлаш мушкул кечди. Операция вақтида қизалоқнинг юрак уриши жуда секинлашди. Қон ва суюқлик қуйиш жараёни билан ҳомилани сақлаб қолиш имкони ортди. Ўсимта олиб ташлангач, бола яна она қорнига қайтарилди.

Ҳомиладорликнинг қолган 12 ҳафтасини Маргарет Бомер тўшакда ўтказди. Қизалоқ қисман кесарча кесиш йўли билан операция қилингани сабабли, Маргаретни кучли оғриқлар қийнади. Бироқ белгиланган муддатдан сўнг, Маргарет ЛинЛи исмли қизалоқни кесарча кесиш йўли билан дунёга келтирди. 3,5 килограмм оғирликда туғилган қизалоқ яна тиббий текширувдан ўтказилди.
 
Думғазадан ўсиб чиқиши ва юрак фаолиятига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган ўсимталар олиб ташланган бўлса-да, ЛинЛида яна бир кичик ўсимта аниқланди. Қизалоқ 8 ҳафталик бўлганида ушбу ўсимта олиб ташланди. ЛинЛи эса онадан икки марта туғилган чақалоқ бўлди.
Умида Якубова

Теглар:Ҳомиладорлик Кесарча кесиш Ўсимта 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!