...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дунёда 25 миллион бола ҳарбий низо сабаб ўқишдан маҳрум


10:20, 25.04.2017 Олам
 1 783

Бу борада энг қалтис вазият Жанубий Суданда қайд этилган. Бу ердаги болаларнинг 72 фоизи мактабга бормайди.

БМТ болалар фонди – ЮНИСЕФ ташкилотининг қайд этишича, бугунги кунда дунёнинг 22 та мамлакатида яшовчи 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 25 миллиондан ортиқ бола ҳарбий тўқнашувлар сабаб мактабга бормаяпти. Умумий ҳисобда шу ёшдаги болаларнинг 22 фоизи таълимдан маҳрум бўлган.
 
Бу борада энг қалтис вазият Жанубий Суданда қайд этилган. У ердаги болаларнинг 72 фоизи мактабга бормайди. Чад ва Афғонистонда ҳам болаларнинг деярли ярим қисми мактабдаги таълимдан узоқ. Ўрта мактабдаги энг паст давомат Нигерия, Жанубий Судан ва Марказий Африка Республикаси мактабларида қайд этилган.
 
ЮНИСЕФ ташкилотининг маориф бўлими бошлиғи Жозефин Борн уруш вақтида таълим, айниқса, муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди. “Болалар таълимсиз мамлакат ва жамият келажагига ўз ҳиссаларини қўша олмайдилар, ўз қобилиятларини намоён қила олмайдилар”, дейди Борн.
 
Ташкилот маълумотларига кўра, тўқнашув зоналарида болалар учун ўқитувчилар билан биргаликда таълим дастурлари олиб бориляпти. Бундан ташқари, ЮНИСЕФ вайрон бўлган мактабларни тиклашга ёрдам бермоқда, ўқув жиҳозлари ва анжомлар сотиб оляпти. Бу “Таълим кутиб турмайди” фонди ёрдамида амалга оширилмоқда.
 
Шунга қарамай, ЮНИСЕФ маориф борасидаги дастурларни рўёбга чиқаришда молиявий кўмак зарурлигини таъкидлайди. 
Дурдона Расулова 

Теглар:ЮНИСЕФ Болалар фонди Таълим Маориф 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!