...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дилсўз ва Зиёданинг муносабатларига дарз кетди...ми?


13:44, 24.02.2016 Шоу-бизнес
 12 755

Икки хонанда қўшиқ талашиб, юзкўрмас бўлиб кетди, деган хабарлар қисман рост бўлиб чиқди.

Қўшиқ омадли бўлса, хонанданинг бошига бахт қуши қўнгани деяверинг. Буёғи тўй, концерт дегандек... Бугун шоу-бизнесда янги йўналишда қўшиқ яратиш, тўғрироқ қилиб айтганда, хит қўшиқ тақдим этиш анчайин мушкул иш бўлиб қолди. Бунинг учун фақат иқтидорнинг ўзи камлик қилади. Яхши бастакор ва шоирларни излаб топа билиш, уларнинг кайфиятига қараб ҳисоблашиш керак.

Яқиндагина “Ниҳол” мукофоти совриндори Дилсўз “Уйланасизми, йўқми?” номли қўшиқ куйлаган эди. Бу таронани тингловчилар жуда яхши кутиб оляпти. Узунқулоқ гапларга қараганда, шу қўшиқни деб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобилова ва Дилсўзнинг муносабатларига дарз кетган. Гап шундаки, қўшиқ мусиқаси ва шеъри муаллифи уни илк бор Дилсўзга эшиттириб кўрганида, хонанда бу қўшиқ унчалик ёқмаганини, бошқа ашула куйламоқчилигини маълум қилган. Бу орада эса қўшиққа Зиёда эга чиқади. Орадан бироз вақт ўтгач, Дилсўз фикридан қайтиб, Баҳодир Низомовга қўнғироқ қилади. Табиийки, Зиёда ҳам “Уйланасизми, йўқми?”ни ўзида олиб қолиш учун тиш-торноғи билан ҳаракат қилган. Бироқ Дилсўзнинг кўз ёшлари Зиёданинг ҳам, Баҳодир Низомовнинг ҳам юрагини юмшатиб юборган. Хуллас шу тариқа қўшиқ яна Дилсўзга насиб этди. Аммо икки хонанда ҳам бу ҳолатни биз эшитгандек талқин қилгани йўқ.

Зиёда Қобилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Дилсўз билан муносабатларимиз ўша-ўша, қўшиқ талашибди, деган гаплар ноўрин. Бу қўшиқни мен ҳам айтмоқчи бўлганим рост, лекин мендан аввал уни Дилсўз куйламоқчи бўлганини эшитиб фикримдан қайтган эдим.
 
Дилсўз, “Ниҳол” мукофоти совриндори:

— Баҳодир Низомов бу қўшиқни аввал менга, кейин Зиёдага эшиттирган. Мен эшитган заҳотим куйлайман деб айтган эдим. Зиёда билан ўртамизда жанжал чиққани ёлғон. Яқинда Гулсанам Мамазоитованинг концерт дастурларида кўришган эдик, муносабатларимиз бузилгани йўқ.
 
Дилсўз ва Зиёда ўртадаги гап-сўзларни яширишга ҳаракат қилишган бўлса-да, масалага бастакор Баҳодир Низомов ойдинлик киритди ва тарқалган гаплар ҳақиқатга яқин эканини исботлади.

Баҳодир Низомов, бастакор:

— Қўшиқни биринчи бўлиб Дилсўзга эшиттирган эдим. Жавобини маъмуримда айтиб юбораман, дедию бир ҳафта йўқ бўлиб кетди. Мен қўшиқ ёқмаган бўлса керак, деб уни Зиёдага бердим. Зиёда билан мусиқаларни ёзиш ишларини бошлаган эдик ҳамки, Дилсўз қўнғироқ қилиб қўшиқни олмоқчилигини айтди. Билишимча, у қўшиқни оламиз, деб маъмурига хабар берган, бироқ маъмури бу гапни менга етказмаган.

Дилсўз бу қўшиқни айтойдил куйлагиси келиб, йиғлагани учун ҳам Зиёданинг олдида уятли бўлиб қолсам ҳам қўшиқни Дилсўзга олиб бердим. Бор гап шу...

Таъбир жоиз бўлса, Баҳодир Низомов бугунги кунда ўзбек шоу-бизнесида энг талабгир бастакорлардан бири бўлиб бормоқда. Унинг шуҳрат топишида хонанда Зиёданинг ҳиссаси катта. Худди шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Зиёданинг охирги йилларда куйлаётган қўшиқлари хит бўлишида ҳам Баҳодир Низомовнинг ўрни буқиёс. Маълумотларга қараганда, Зиёда Баҳодир Низомов билан ҳамкорлик режаларини олдидан кўзлаб, ундан бир эмас нақ 20 та қўшиқ сотиб олган. 

Теглар:Дилсўз Зиёда Баҳодир Низомов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!