Қозоғистон жиноят кодексининг 99-моддаси 2-банди билан жиноий иш очилди.
Олма-ота шаҳрининг Оқсой микрорайони ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари спортчини ўлдиришда гумон қилинган иккинчи шахсни қўлга олди. Бу ҳақда “Казинформ” хабар бермоқда.
“Денис Тенни ўлдирилишига алоқадор деб гумон қилинган қизилўрдалик 23 ёшли Қудойбергенов Арман Бўрибоевич полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинди”, дейилади хабарда.
Денис Теннинг ўлдирилиши бўйича Қозоғистон жиноят кодексининг 99-моддаси 2-банди билан жиноий иш очилган. Тергов ишлари олиб бориляпти.
Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни Олма-ота шаҳрида қозоғистонлик машҳур спортчи Денис Тен кўчада пичоқлаб кетилган эди. Етказилган жароҳатлар натижасида спортчи вафот этди. У 2014 йил Сочида ўтган қишки Олимпиада ўйинларида фигурали учиш бўйича бронза медални, 2013 ва 2015 йиллардаги жаҳон чемпионатларида кумуш ва бронза медалларни қўлга киритган.