Профессионал теннисчилар Ассоциацияси рўйхатига 5 нафар ўзбекистонлик теннисчи киритилди.
Австралия очиқ чемпионатидаги иштироки шов-шувга айланган теннисчи Денис Истомин рейтингнинг 80-поғонасидан жой олди. Ҳамюртимиз 37 та ўринга юқорилашга муваффақ бўлди. Ўтган галги рейтингда Истомин 117-қатордан жой олганди.
Денис Истомин Австралия очиқ чемпионати давомида жаҳоннинг иккинчи ракетка устаси ҳисобланган сербиялик Новак Жоковични енгиб, ўз фаолиятидаги шов-шовли натижани қайд этди. Мазкур турнирдаги иштироки унга 220 минг доллар миқдорда даромад келтирди.
Яна бир ўзбекистонлик теннисчи Санжар Файзиев аввалги рейтингдаги ўрнини сақлаб қолди. У рўйхатда 367-ўринда турибди.
Темур Исмоилов эса аксинча, аввалги рейтингдан 2 та ўрин пастга тушиб, айни вақтда 409-қатордан жой олган.
Ҳумоюн Султонов рейтингнинг 737-ўрнидан жой олган бўлса, Жўрабек Каримов 761-поғонани банд этди.