Актёр 150 миллион АҚШ доллари эвазига ҳам Бондианага қайта олмаслигини билдирди
Айни вақтда режиссёр Стивен Содербергнинг “Омадли Логан” фильмида суратга тушаётган Дэниел Крэйг 150 миллион АҚШ доллари эвазига ҳам Бондианага қайтмаслигини маълум қилди, деб ёзади “Starslife.ru” нашри. Актёр ушбу қарорини асосли фикр билан, Жеймс Бонд фильмларидаги трюклар учун анча қариб қолгани билан изоҳламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жеймс Бонд ролини тўрт марта ижро этган Голливуд актёри Дэниел Крэйг шу йилнинг май ойида энди Бонд ролини ўйнамаслигини маълум қилганди. “Бондианага қайтгандан кўра қўлимни кесиб ташлайман”, дейишига қарамай, кинокомпания актёрга дастлаб, 100 миллион АҚШ долларини таклиф қилиб, уни фильмга қайтармоқчи бўлди. Актёр ўшанда ҳам рад жавобини берди. Орадан бир неча ой ўтиб, Sony компанияси фильмнинг кейинги қисмларидаги Жеймс Бонд роли учун кастинг эълон қилди. Бироқ номзодлардан кўнгли тўлмагани учунми, компания Дэниелни фильмга қайтишга яна бир бор уриниб кўриш истагида эканини билдириб, Крэйгга 150 миллион АҚШ долларини таклиф қилди.
Кинокомпаниянинг актёрни ўз ролини ўйнашга кўндиришга бу қадар киришгани бежиз эмас. Дэниел Крэйг Бонд образини маҳорат билан ижро этган ва фильмнинг тўртта қисми ҳам муваффақият қозонган.
Агар Крэйгни кўндиришга муваффақ бўлса, кинокомпания унинг иштирокида бир эмас бирваракайига икки фильмни суратга олмоқчи. Режиссёрлар Бонд ҳақидаги айнан ушбу икки фильмдан кейингина эстафетани бошқа актёрга бериш ва у билан “Бонднинг янги эраси”ни суратга олишни режа қилаётган эди.