...
МЕНЮ
ONLINE TV

Демади деманглар: “Ҳижоб билан дискотекага киритишмади” деган хабарлар ҳам пайдо бўлади яқинда!


14:02, 13.03.2018 Жамият
 14 577

Аёлларимизни суврати ҳижобли, сийрати ҳижобсиз бўлишдан Оллоҳнинг ўзи асрасин.

Наманганга келганмисиз ҳеч? Бошқа вилоятларда ҳолат қандай бўлган-у, ҳозир қандайлигига шахсан гувоҳ бўлмаганим учун Намангандан сизга баъзи мисоллар келтирай: “Келди очилур чоғинг, ўзлигинг намоён қил” деган шиорлар билан аёлларнинг паранжиси ўтга отилганда ҳам, “Дин – бу афюндир” шиори долзарб бўлган йилларда ҳам, Мустақилликдан кейин ҳам, ҳозир ҳам наманганлик аёлларнинг бошидан дока рўмоли тушмаган. Остидан ўралган кичик рўмол билан маҳрамлар олдида ўтиришса, кўчага чиққанда дарров бошларига катта рўмолни ташлашади. Ҳеч ким ҳеч кимга бу рўмолни ечасан деган талабни қўймайди.
 
Энди, масалага янада кириб борайлик: Бу қиёфатда кўчада юрган аёл қандай аёл? Бу дока рўмол билан бирга кийган кийими қандай? Нима учун бундай кийиниш шаклини танлайди?
 
Бу – беш вақт намозини ўқиган, кўчада ўзини кўз-кўз қилишни истамаган, бегона эркаклар турган жойдан керак бўлса бир чақирим айланиб ўтадиган оналаримиз, опаларимиз, сингилларимиз, келинларимиздир. Уларнинг ҳаёт тарзи бу, яшаш мазмуни. Кийган кўйлаклари, чопонлари кенглигидан ичидаги жуссани аниқ англаб олиш ҳам мушкул. Улар орасида “бу қиёфатда чиқиб қўшиқ айтай, кинода суратга тушай, денгизга бориб дам олиб келай, тижорат қилгани чет элни айланиб келай...” каби фикрлайдигани йўқ! Чунки уларнинг эътиқоди, ишончи – бу нарсаларнинг барини қабул қилмайди. Улар аввал отага итоаткор қиз, кейин эрига садоқатли аёл, кейинчалик набираларини боқиб кексалик гаштини суришни истайдиган бувилардир.


 
Энди иккинчи тоифа аёллар борки, уларнинг ҳаёт тарзи бу юқоридаги ғоялар билан бирга, жамият ҳаётида фаол бўлиш, билим ёки ҳунар эгаллаб маълум касб билан ўз ҳаётига қўшимча мазмун бағишлашнинг уйғунлашувидан иборат. Бу тоифа оналаримиз, опаларимиз, сингилларимиз, келинларимиз ишонч-эътиқод масаласида юқоридагилардан қолишмайди, жойи келганда устун ҳам бўлишади, чунки кўч-кўрона эмас, ўқиб-ўрганиб амал қилишади ҳар нарсага. Тўғри, жамият ичида бошларига катта рўмол ташлаб, юзларини тўсиб юришмас, бироқ уларнинг ҳаётий қадриятларининг энг аввалида ибо, ҳаё, номус туради. Шунинг учун, кийган кийимлари, борган жойлари, гапирган гапларига доим диққат қилишади, оилани ҳар нарсадан устун билишади, отанинг, эрнинг ҳурматини юксак тутишади, уларга гап олиб келиши мумкин бўлган ҳар нарсадан ўзларини узоқ тутишади. “Дил ба ёру, даст ба кор” десак энг мақбул таъриф бўлади булар учун.
 
Ва қоляпти “қолганлар”. Истаганича кийиниб, истаганича яшаб, ҳаётини жамият нормаларининг минимум даражасида ташкил этишгача бораётганлар. (бу минимумни ҳам йўқ қилиб юборишмоқчи бўлишади-ю, бироқ маҳалла-кўй деган феномен шукрки ҳозирча мавжудлигини йўқотмади). Буларнинг ҳаёти ҳам ўзига. Айтишади-ку, ҳар қўй ўз оёғидан осилади деб, инсофни Худо берсин...
 
Ва келайлик асосий мавзуга: Хўш, бу уч тоифа аёллар нимадандир норозими? Йўқ, ҳар ким ўз ҳаётидан мамнун. Ва дунёвий давлатда шундай ҳам бўлиши керак. Бироқ, сўнгги пайтларда жамиятимизда янги тоифа пайдо қилишга уринишни кўряпмиз – Ҳижобли дунёвий аёллар! Бу қанақа тоифа дейсизми: Тушунтирай, мана айтайлик Ҳижоб масаласи сиёсий тус олиб улгурган икки давлат – Франция ҳамда Туркияни мисол қилиб келтирсак. Тасаввур қилинг, денгиз соҳилида, пляждасиз. Юзлаб одам ярим яланғоч ётибди. Ва шулар орасида юзида ҳижоб билан, бошдан оёқ кийим кийган тўртта аёл пайдо бўлади. Кийимлари билан денгизга кириб чиқишади, сувдан чиққанда баданга ёпишган кийим билан чўмилиш кийимидаги аёллардан кўра ўн чандон кўпроқ эркакларнинг шаҳватли қарашлари объектига айланишади. Савол туғилади: Нега келади бу аёл бу кўринишда бу пляжга? Чўмилгани дейсизми? Унда бу кийим нимага? Эътиқоди шуни буюради демоқчисиз дарровда. Хўш унинг эътиқоди ташқи кўринишидами ёки қалбидами? Шунча ярим-яланғоч номаҳрам эркакнинг олдига келишга, сувдан чиқиб боя айтганимиздек, баданларига ёпишган мато билан ўз вужудларини майда деталлларигача атрофга намойиш этишга бу эътиқод йўл берадими? Қани энди солиштиринг юқорида таърифи келтирилган бошида дока рўмолли наманганлик аёл билан буларни. Бу аёлнинг ҳам ҳуқуқи ахир денгизда пляжга кириш деб сохта либерализм шиорига ёпишманг дарров. Исиб кетган бўлса, душга кириб чиқса ҳам бўлади уйида, лекин у пляжга боради... Сабаби оддий – у сиёсий кучларнинг вакили.
 
Бу бир мисол холос. Бугун Францияда ҳам, Туркияда ҳам суврати ҳижобли, сийрати ҳижобсиз жуда кўплаб аёлларни-қизларни учратиш мумкин. Айтайлик, коммунистик партия даврида аёлини ялангбош қилиб даврада ўйнатиш партияга содиқликнинг бир кўринишидек бўлган бўлса, бугун Туркияда ҳам ҳукумат тепасидаги Адолат ва Калкинма партиясига кириш, унинг ғоялари билан ўзининг уйғунлигини кўрсатиш учун аёлини ҳижобга ўраган жуда кўп инсонлар бор. Бироқ кўча-кўйда эрининг пинжига кириб, ундан бўса олаётган ҳижобли аёлни кўрсангиз, автобусда бир-бирини қучган ҳолда кетаётган бундай жуфтларга кўзингиз тушса, бошидан ўша ҳижобни юлиб олгингиз келади...
 
Энди қайтсак жамиятимиздаги бугунги ҳолатга. Қани қайси бирингиз юз фоиз ишонч билан айта оласиз бугунги ҳижоб ўраб кўчада юрган қиз-аёлларимизнинг бари қалби ислом нури билан тўлган заифалар деб. Тошкент кўчаларида шундай аёлларни учратяпмизки, бошида ҳижоб, устидаги кийими торлигидан ёрилиб кетай деяпти. Нима эмиш, модага мос ҳижоб эмиш бу. Ақл ва мантиқ йўқ десак янглиш бўлади, чунки бунинг тагида жуда пухта ўйланган ақл ва мантиқ бор: Жамиятни ҳижоблилар ва ҳижобсизларга ажратиш.


 
Бугунги вазиятда матбуотда турлича “рўмолини олдирилибди, ҳижоб билан киритилмабди, ҳижоб қонунийми ёки қонунсиз, таҳдид борми-йўқми” қабилидаги материалларни кескин камайтириш керак. Ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси, яна ким яна аллакаким ҳар бири ўзича талқин қилишдан четда туриши керак бу масалани. Акс ҳолда, жамиятни бўлиб ташлаймиз. Масалага ёндашувни бу нуқтадан қилиш керак! Йўқса эртага бошланади очиқ мунозаралар ҳам бу кетишда, биттаси чиқади мен ҳижобли юрган қизларга қаршиман дейди. Ортидан иккинчиси чиқиб сенинг бошинг очиқ юришингга мен қарши бўлмаяпманку сен нега қарши бўласан дейди. Уёғини тасаввур қилаверинг. Ҳижоб билан ўқишга киритилмади деб бугун матбуотнинг кун тартибидан жой олаётганлар, эртага ҳижоб билан йиғилишга киритилмаганини айтади, телевизорда нега ҳижоб билан чиқиш мумкин эмаслигини кўтаради, ва ниҳоят кун ҳам келади ҳижоби туфайли дискотекага киритилмаган қиз ҳикояси барчанинг тилига тушади... Демади деманглар!
Дилмурод Жумабоев, журналист
“Qalampir.uz” интернет нашри учун махсус

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар