Журналист Даврон Кабулов отасини таваллуд куни муносабати билан ижтимоий тармоқлар орқали табриклади.
Бугун, 17 январь куни Даврон Кабулов отасини таваллуд куни билан муборакбод этиб, у билан тушган суратини ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига жойлаштирди ва болаликдаги хотиралари акс этган табрикни ёзиб қолдирди.
“Бу менинг отам. Оиламнинг устуни. Энг яқин маслаҳатгўйим. Садоқатли дўстим.
Тўйим куни атрофим тўла одам – бир бурчакка яшириниб фахрланиб жилмайиб турган – шу инсон. Бошимга иш тушиб, ёнимда дўст топилмаганда, “ўғлим, мен ҳали тирикман” деб эшикма-эшик қарз сўраб юришдан ор қилмаган ҳам шу инсон... Қайсар ўғлининг хокисор отаси.
Сочларига оқ оралабди. Ҳаётдаги нотўғри қадамларимнинг саноғини билмоқчи бўлсангиз, ўша оқларни сананг.
Яратган гувоҳ, шу сатрларни ёзяпман-у, кўзларимни ёшдан тўхтата олмаяпман... Адажон, туғилган кунингиз муборак бўлсин! Узоқ умр сўрадим сизга – бизга берган меҳрингизнинг ҳеч бўлмаса 10 дан бирини қайтаришимиз учун ҳали узоқ яшашингиз керак. Ёлғон ишлатмасликка ўргатгансиз: “отамга ўхшаб юрай” деб гапирмайман – Ҳеч қачон ўхшай олмаслигимни биламан.
Доим ёнимда бўлинг – қолганини ҳал қиламиз”, деб ёзади Даврон Кабулов.