Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат томонидан шерик сифатида хусусий шерик билан битим тузади ва хусусий шерик томонидан битим шартларининг бажарилишини назорат қилади.
Қарорда қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо–саноат палатасининг соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шаклларини ва муддатларини татбиқ этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади:
- хусусий тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш ва доимий фойдаланиш учун бепул асосда ер участкаларини ажратиш – доимий;
- мавжуд давлат тиббиёт ташкилотларини қайтадан қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш шарти билан хусусий тиббиёт ташкилотлари объектлари қуриш ва доимий фойдаланиш учун бепул асосда ер участкалари тақдим этиш – доимий;
- хусусий тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш ва вақтинча фойдаланиш учун бепул асосда ер участкалари тақдим этиш – камида 10 йил;
- бўш турган давлат мулки объектларини, шу жумладан фаолият кўрсатмаётган давлат тиббиёт ташкилотларининг бино ва иншоотларини мақсадли фойдаланиш учун “нол” харид қийматида сотиш - доимий;
- давлат тиббиёт ташкилотларининг фойдаланилмаётган, кам фойдаланиладиган ёки реконструкция қилиш ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қиладиган мавжуд бино, иншоот ва тиббий асбоб-ускуналарини фойдаланиш учун тақдим этиш – камида 10 йил;
- концессия асосида бино қуриш ёки реконструкция қилиш, жиҳозлаш учун мол-мулк ва ер участкаларини ажратиш– 15 йилгача;
- давлат тиббиёт муассасаларини хусусий шерикка ишончли бошқарувга топшириш – 15 йилгача;
- давлат тиббиёт ташкилотларининг айрим функциялари ёки хизматларини тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида ўтказиш – 5 йилгача;
- хусусий тиббиёт ташкилотларининг айрим функциялари ёки хизматларидан давлат тиббиёт ташкилотларида шартнома асосида фойдаланиш – 5 йилгача;
- Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгилаб бериладиган бошқа шаклларда.
Давлат–хусусий шериклик шаклига кўра, хусусий шерикка қуйидаги инвестиция мажбуриятлари юклатилади:
- давлат тиббий муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини бажариш;
- қонун ҳужжатларида кўзда тутилган имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли тўлов ҳажмларида ёки бепул тиббий хизматлар кўрсатиш;
- давлат тиббий муассасалари учун ёрдамчи функцияларни, шунингдек даволаш-профилактика хизматларининг соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгиланган алоҳида турларини кўрсатиш;
- давлат–хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўзда тутиладиган бошқа мажбуриятлар.
Давлат–хусусий шериклик шаклига кўра, давлат шеригининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат деб белгиланган.
- битимда белгиланган муддатлар, тартиблар ва шартлар асосида хусусий шерикка ер майдонларини, бўш турган, фойдаланилмаётган, кам фойдаланиладиган ёки реконструкция қилиш ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қиладиган мавжуд бино, иншоот ва тиббий асбоб-ускуналарини фойдаланиш учун тақдим қилиш ёки “нол” қийматда сотиш;
- битимда кўзда тутилган бошқа мажбуриятларга амал қилиш;
- хусусий шерикнинг хўжалик фаолиятини олиб боришига аралашмаслик.
Давлат шериги зиммасида қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги лойиҳаларни амалга ошириш мазкур қарор билан тасдиқланажак Танлов комиссияси томонидан танлов асосида амалга оширилади.
Танлов комиссияси қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- Давлат-хусусий шерикликнинг аниқ лойиҳалари бўйича ташаббускор бўлиш;
- Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан бирга ДХШ бўйича комиссияга тақдим этилган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ҳисобга олган ҳолда баҳолаш;
- Давлат-хусусий шерикликнинг аниқ лойиҳаларини тасдиқлаш, рад этиш ёки қайта кўриб чиқиш учун ҳужжатни қайтариш бўйича қарорлар қабул қилиш;
- Тендер ва танлов ҳужжатларини тайёрлаш;
- Тендер ва танлов жараёнларни ташкил қилиш ва ўтказиш;
- давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича барча муҳим молиявий ва иқтисодий жиҳатларни ҳисобга олинган қарорни тасдиқлаш;
- Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига асосан тузилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат томонидан шерик сифатида хусусий шерик билан битим тузади ва хусусий шерик томонидан битим шартларининг бажарилишини назорат қилади.
Давлат–хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати мобайнида хусусий шерикларга ажратилган тиббий муассасалар фаолиятини давлат шериги розилигисиз қайта ўзгартириш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича танлов ўтказилмайди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, танлов ҳужжатлари лойиҳалари ҳамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари ва уларга киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарор эълон қилингандан икки ойлик муддатда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган тиббиёт муассасалари шакли ва фаолият турига қараб, тиббий фаолиятни лицензиялашнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқади.
Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган тиббиёт муассасаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида;
ўзларининг эҳтиёжлари учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга рухсат этилган барча турдаги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва материаллари ҳамда тиббий буюмлар учун давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 5 йил муддатга божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинади;
соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган тиббиёт муассасалари давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим имзоланган ойдан бошлаб ўн йил муддатга ягона ижтимоий тўлов ставкаси меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадларнинг 5 фоиз миқдорида белгилансин;
Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган тиббиёт муассасаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар замонавий тиббиёт объектларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва асбоб-ускуналарини сотиб олиши, шунингдек, мутахассисларининг малакасини ошириш ва хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этишни ташкил этиши учун 10 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 7 фоизли ставка бўйича 500 миллион АҚШ доллари эквивалентигача имтиёзли кредитлар ажратилади.