Китобхонликни тарғиб этувчи танловда 14-17 ёшдаги ўсмирларнинг 3 нафари 5 миллион сўмдан умумий 15 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотини ютиб олиши мумкин.
Ҳозирда танлов шартлари қай тартибда бўлишини аниқлаш ва унинг қоидаларини ишлаб чиқиш учун интернет тармоғида умумий сўровнома қўйилган. Биз Алишер Тожиевнинг ўзи билан алоқада бўлганимизда у қуйидаги фикрни билдирди:
“Мен бу билан иштирокчиларни моддий қўллаб қувватламоқчи эмасман. Улар орзуларидаги бирор бир буюмни олишлари учун китоб ўқишларини хоҳлаяпман. Келажакда китоб ўқишни давом эттирсалар, орзуларига етишишлари учун менинг танловим ёки 5 миллион керак бўлмайди. Бундан ташқари, таҳсил олган мактабим кутубхонасига 5 миллион сўм миқдоридаги китобларни совға қилишни режалаштирганман. Ўзим китобларни улашиш учун тақдимотда қатнашиб, энг севимли асарларимга изоҳ бериб ўтмоқчиман. Бу билан юртимизда фаолият юритаётган бошқа тадбиркорларни ҳам савоб ишга чорлаб қоламан”, дейди дастурчи.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 январь куни “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишни имзоланган эди. Шундан буён, жамиятимизда китобхонликни тарғиб қилувчи тадбирлар бир мунча кўпайиб қолди. Шулардан бири, ушбу истиқболли танлов мустақил тадбиркорлар томонидан қўйилган илк қадамлардан биридир.