...
МЕНЮ
ONLINE TV

Далварзинтепа тангасида Вима Кадфизнинг тасвири акс эттирилган экан


13:17, 09.11.2017 Жамият
 3 151

Кушон империясининг ерларига ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистоннинг жанубий сарҳадлари, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистоннинг Панжоб воҳалари кирган.

Ёдингизда бўлса, аввалроқ ўзбек халқининг тарихига оид 5 та лавҳа номли туркум мақолалар орқали Ўзбекистон ҳудудидан топилган қадимий археологик қазилма топилмалари ва уларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритган эдик. Ўрта асрлар тарихига оид дунёга машҳур ёднома асарларда келтирилган кентлар ҳақидаги маълумотларда ҳам Ўзбекистон, хусусан ҳозирги Марказий Осиё давлатлари ҳудудидаги осори-атиқа ҳам тилга олинган эди.
 
Буни қарангки, Ўзбекистон тарихни ўрганиш мақсадида “Ўзбекистон санъатшунослик экспедицияси” 1960 йилдан буён Сурхон воҳасида археологик қазилма ишларини олиб бориб, ноёб осори-атиқаларни кашф этиб келмоқда.
 
Мисол учун, Денов туманидаги Холчаён қишлоғида Кушон империяси бошлиғининг дам олиш саройида олиб борилган қазилмада бир-биридан ажойиб рангларда тасвирланган лойдан ишланган 35 ҳайкал топилган бўлса, 1967 йилга келиб, Шўрчи туманидаги Далварзинтепа қадимий шаҳри ёдгорлигида будда ибодатхонаси ва ганчдан ишланган ҳайкаллар топилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Далварзинтепа хилма-хил осори-атиқалари билан бутун дунёга машҳур. Бу ердан топилган дунёдаги энг қадимий икки буддавий ёргорлик ва бири иккинчисига ўхшамайдиган 40 дан ортиқ, ҳажми ярим метрдан уч метргача келадиган, лой ва ганчдан тайёрланган ҳайкаллар, олтиндан ясалган 115 дона аёллар тақинчоқлари ва зебу зийнатлари инсониятни ҳамон ҳайратга солиб келмоқда.
 
Кушон империясининг ерларига ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистоннинг жанубий сарҳадлари, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистоннинг Панжоб воҳалари кирган. Далварзинтепа эса Кушон империяси гуллаб-яшнаган вақтида империянинг пойтахти бўлган.
 
Кейинги йилларда Далварзинтепада олиб борилган қазилма ишлари давомида катта ҳажмдаги 15 та хум, аёллар тасвиридаги 2 та терракота, жуда нафис тайёрланган 66 та енгил шиша идишлар ва катта-кичик ҳажмдаги 45 дона мис танга топилган.
 
Далварзинтепа Кушон империясининг пойтахти бўлганидан далолат берувчи доира шаклида ковшарланган балдоқли танганинг топилиши эса дунё аҳлини яна ҳайратга солди. Мазкур танга мутахассислар томонидан ўрганилганда, унда 80 ёшни қоралаб вафот этган Кужулла Кадфиз сулоласининг давомчиси Вима Кадфиз тасвирланган бўлиб, бу императорлик муҳри эканлиги аниқланди.
 
Ҳиндистонлик профессор Мукержи 1968 йилда Ҳиндистонда буюк Кушон империяси ҳукмдори Канишканинг муҳри топилганини маълум қилган эди.
 
Канишка эса Далварзинтепада муҳри топилган император Вима Кадфизнинг ўғли эканлиги тарихий манбаларда қайд этилган. Бу эса буюк Кушон империясининг ривожланишида Далварзинтепа ўзига хос ўрин тутганлигидан далолат беради.
 
Бир сўз билан айтганда Сурхон воҳаси нафақат қадимий маданият ва санъатимиз, балки давлатчилик тарихимизда ҳам ўзига хос ўрин тутади.
 

Теглар:Далварзинтепа Қадимий тангалар Вима Кадфиз Кушон империяси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар