...
МЕНЮ
ONLINE TV

ДАИШ - даюс деганими?


09:33, 11.12.2015 Олам
 7 293

Халқаро терроризм ислом динига хавф солмоқда. Ахборот уруши унинг илдизларига зарба бера оладими? Бунинг оқибатида эса исломофобия илдиз отмоқда.

Охирги бир неча ой мобайнида ДАИШ (ИШИД) дунё бўйлаб инсонларни даҳшатга солиб келяпти. Иккинчи жаҳон урушидан буён дунё бунчалик кўп қурбон кўрмаган эди. “Глобал терроризм кўрсаткичи” (The Global Terrorism Index) ҳисоб-китобига кўра, биргина 2014 йилнинг ўзида террористик ҳаракатлар оқибатида вафот этганлар сони дунё миқиёсида 32.727 кишини ташкил этган. 2015 йилги террористик ҳаракатларнинг фаоллигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу йилги кўрсаткич, афсуски, янада юқорироқ бўлишини кутса бўлади. Ислом динини ниқоб қилиб олган террорчиларнинг нишонига нафақат бошқа дин вакиллари, балки мусулмонларнинг ўзи ҳам тушиб қолмоқда. Ғарб халқлари онгида ислом тўғрисида нотўғри тасаввурларнинг шаклланиши мусулмонларнинг АҚШ ва Европа халқлари қаҳрига дучор бўлишига сабаб бўлмоқда. Ислом динининг қиёфасини бузиб талқин қилаётган жангариларнинг касрига бу динга ҳақиқий эътиқод қилувчилар, эзгу ниятли кишилар икки карра азият чекмоқда.

Террорчиларнинг асл мақсади ғарб халқлари ва мусулмонлар ўртасида совуқчилик тушириш, ғарб халқларида исломга нисбатан қўрқув ҳиссини уйғотишдан иборат. Бундай сохта таассурот бир неча юз йиллар давомида бунёд қилинган алоқаларни барбод этиш билан бирга европаликларда мусулмонларга нисбатан шубҳа ва гумон, душманлик ва зўравонлик кайфиятини уйғотиши турган гап.


Шунинг учун ҳам мусулмон давлатлари сохта исломнинг ҳақиқий исломдан фарқини кўрсатиш учун турли ахборот воситаларида фаол тарғибот ишларини олиб боришяпти. Сайтимиз орқали бундан бир неча кун аввал Иордания қироличаси Рания Ал-Абдуллоҳнинг террорчиларнинг ислом динига алоқаси йўқлиги ҳақидаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этган эдик. Унда қиролича террорчилар ташкилотининг қисқартмасидаги “Исломий” сўзини англатувчи “И” ҳарфини олиб ташлаш таклифи илгари сурган эди. Ислом бўйича таниқли олимлардан бўлган Иброҳим Калиннинг Daily Sabah интернет сайтида чиққан мақоласи ҳам ҳақиқий исломнинг хусусиятларини ёритиб беришга қаратилган: “Қуръони Карим таълимотларига асосланган тинчлик, шукроналик, диний бағрикенглик ғояларини тарғиб қиладиган Ислом эндиликда ҳалқаро терроризмнинг ёвуз кучларига қаршилик кўрсатишига тўғри келмоқда”.


Шунингдек, сўнгги пайтларда Сурия ва Ироқ ҳудудида фаолият кўрсатаётган террорчиларнинг номини ДАИШга ўзгартириш таклифи турли давлат раҳбарлари ва ОАВлари томонидан ўртага ташланиб келинмоқда. “ДАИШ” қисқартмаси арабча “al-Dawlah al-Islāmīyah fī al-Irāq wa-al-Shām”, яъни террорчилар ташкилотининг арабча айтилишидан олинган бўлиб, бу сўз араб тилидаги “Daes” – маълум бир нарсани оёқ ости қилувчи шахс ёки “Dahes” – орага адоват солувчи шахс сўзларига ишора қилади”, деб ёзади Британиянинг The Week интернет саҳифаси. Яна бир Британия нашри The Guardianнинг фикрига кўра, “ДАИШ” арабча “daw'aish” сўзидан олинган бўлиб, “бошқаларга ўз ғоясини сингдирувчи мутаассиб” деган маънони англатади. Таққослаш ўрнида, ўзбек тилига арабачадан кириб келган “даюс” сўзининг юқорида санаб ўтилган сўзларга алоқаси борлигини сезиш қийин эмас. Бу сўз ўзбек тилида “нопок ишларни қилиб юрувчи”, “пасткаш”, “аблаҳ”, “нобакор кимса” деган маъноларни билдиради.

“ДАИШ” номининг ишлатилиши террорчиларни жазавага тушираётгани ҳам рост. Уларнинг фикрича, бу сўз араб тилида ҳақоратдек янграр экан. Олдинги “ИШИД” қисқартмасининг қўлланилиши эса ўзини халифалик деб эълон қилган террорчиларни тан олиш билан баробардир. ДАИШга қарши ахборот уруши, биринчи навбатда, террорчиларнинг мафкуравий мағлубиятига олиб келиши лозим.


Ҳозирги кунда “исломофобия”, яъни исломдан қўрқиш ҳисси АҚШ ва Европа давлатларида энг юқори нуқтага етиб келди. Мамлакат ОАВидаги асосий мавзу ислом дини бўлиб қолмоқда. Яқинда АҚШ Президенти Барак Обама ўз давлатида кучайиб бораётганган исломофобияга эътибор қаратиб ўтди: “АҚШдаги инсонларни “мусулмонлар ва америкаликлар” гуруҳига ажратишга чек қўйиш лозим. Бундай ихтилофлар Америка ҳалқининг азалий қадриятларига нисбатан хоинликдир. Бу каби важлар ДАИШга ўхшаган ёвуз кучлар учун айни муддаодир. Биз эса бунга йўл қўйишимиз керак эмас. Америкалик мусулмонлар бизнинг дўстларимиз, ҳамкасбларимиз, спортдаги қаҳрамонларимиз, умумий ватанимиз учун жон фидо қилишга тайёр инсонлардир”. Афсуски, АҚШнинг сиёсий давлат арбоблари орасида сохта исломни ҳақиқий исломдан ажрата олмайдиганлар ҳам йўқ эмас. АҚШдаги президентлик сайловларига ўз номзодини қўйган Республикачилар партияси вакили Дональд Трамп сўнгги пайтларда америкаликлар тафаккурида “исломофобия” ҳиссининг чуқурроқ илдиз отишига бор кучи билан ҳаракат қилмоқда. Яқинда у АҚШ ҳудудига мусулмонларни умуман киритмаслик таклифи билан оммага мурожаат қилиб чиқди ва оддий халқ орасида купчиликнинг қўллаб-қувватлашига эришди. Таассуфки, мавжуд вазиятни тўғри баҳолай олмайдиган, ўз мақсадлари йўлида диний ихтилофлардан фойдаланадиган инсонлар ҳам мавжуд.

Дунё аҳолисининг бир ярим миллиардга яқини ислом динига эътиқод қилади. Мусулмонларнинг ислом номидан мурожаат қилаётган бир тўда мутаассиб жангарилар учун жавобгарликни ўз бўйнига олиши адолатдан эмас. ДАИШнинг мафкураси ва эътиқоди ҳақиқий мусулмонларнинг имони ва ҳаёт тарзига тўлақонли қарама-қарши. Лекин экстремистлар ўзининг қабиҳ ишлари орқали ҳақиқий ислом динини булғаб, уни суиистеъмол қилишмоқда.

ДАИШга қарши фақатгина ҳарбий урушлар олиб бориш билан чекланиб қолиш керак эмас. Мафкуравий курашлар унданда муҳимроқ. Бунинг учун ҳар биримиз кўча-кўй, маҳалламиздан бошлаб ҳаракат қилишимиз лозим. Жангарилар сафига адашиб бориб қўшилаётганлар бизнинг қариндошимиз, қўшнимиз, охир-оқибат ватандошимиз бўлиши ҳам мумкин. Энг муҳими атрофимиздаги одамларнинг тақдирига бефарқ бўлмайлик. Айниқса, бугунги кун ёшларини бундай ақидапарастларнинг тузоғидан асраш, она тупроғимизнинг ҳар қарич ерини келажак авлодга безавол етказиш, тинчлигимизнинг қадрига етиш ва унинг барқарорлиги учун бор имкониятларимизни сафарбар этиш – энг олий вазифамиз, Ватанимиз олдидаги юксак бурчимиз эканини унутмаслигимиз зарур.
Адиз Аҳмедов

Теглар:ДАИШ ИШИД терроризм исломофобия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!