...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Буюк Туркия девори” терактларга дош бера олармикин?


12:05, 11.12.2015 Олам
 5 236

Туркия-Сурия чегараларида ДАИШ хужумига қарши мудоафаа девори қуриш ишлари бошлаб юборди. Туркия девор қуришдан кўра террорчиларга қарши тузукроқ режа ўйласа бўлармиди...

Замонавий дунёда камдан кам содир бўладиган ишга Туркия ҳукумати қўл уришга қарор қилди. У ўзининг Сурия билан чегара ҳудудларида мудофаа деворини қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Dogan News Agency’га ҳавола қилаётган ABC News хабар бермоқда.

Ўзига хос мудофаа тизимини қуришга Анқарани Сурия ҳудудида фаолият кўрсатаётган ДАИШ террористик ташкилотининг хавф солаётганлиги сабаб бўлган.  Туркия ҳукуматининг ҳисоб-китоблари бўйича, деворнинг узунлиги 82 км, баландлиги эса тўрт метрни ташкил қилиши керак. Девор Килис вилоятидан бошланиб, Газиантепда тугатилиши лойиҳалаштирилган.

Инсоният тарихи давомида жуда кўп халқлар ўз чегаралари ҳудудида узундан-узун деворлар қуришгани маълум. Баъзан улар шунчалик маҳорат билан қуриладики, чинакам санъат асарларига айланиб,   инсонлар ҳайратига сазовор бўлган. Масалан, дунёдаги энг машҳур Буюк Хитой деворини олсак, у – узунлиги 12 минг км бўлган дунёнинг саккизинчи мўжизаси номига даъвогар иншоотлардан бири. Хитой девори – инсон қўли билан, ҳеч қандай машиналар ёрдамисиз бунёд қилинган дунёдаги энг узун девор. Бир пайтлар кўчманчи хун қабилаларининг Хитой империясига мунтазам босқинининг олдини олиш учун қурилган. Ҳозирда эса дунё бўйлаб хорижий меҳмонларнинг эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда ва эндиликда мудофаа тизими вазифасини бажармайди.

Инсонларни бир-биридан ажратувчи деворларнинг энг охиргиларидан бири эса 1961 йилда Шарқий ва Ғарбий Германияни иккига бўлиш учун қад ростлаган Берлин девори ҳисобланади. Унинг узунлиги 155 километрни ташкил қилган. Бир бутун халқни иккига ажратган деворни “шармандали девор” деб аташган, шунинг учун ҳам у 1989 йилда вайрон қилинган ва Германияни бирлаштириш жараёнини ниҳоясига етказган.

Ёвуз кучларга қарши ҳар қандай тадбир фақат фойда келтириши ҳеч кимга сир эмас. Бироқ Туркия қуришни истаётган девор террорчиларнинг унинг ҳудудига кириб олмаслигини кафолатлай олмаслиги ҳам мумкин. Ҳар қалай жангариларнинг қўлида мудофаа деворларига қарши воситалар мавжуд бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.  Қолаверса, уларни замонавий, сўнгги русумли қурол-аслаҳалар билан таъминлаб турган кучлар мавжуд. Охир-оқибат, террочиларни ўз уйинг остонасида кутиб туриш ярамайди, уларга ўз маконида зарба бериб, йўқ қилиш лозим. Шу вазиятдагина ўрта асрларга хос деворлар қуришнинг ҳожати қолмасмиди. Кўрамиз, “Буюк Туркия девори” жангариларнинг ҳужумига дош бера олармикан.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Туркия Сурия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!