Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюнни қабул қилди.
ЎзА берган хабарга кўра, Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, анъанавий яқин ва кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтиришда икки мамлакат Парламентлари муҳим ўрин тутишини таъкидлаган.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида муҳим ва ишончли ҳамкорлик алоқалари фаол ривожланмоқда.
Ўзбекистонда саноат соҳасини диверсификация қилиш ҳамда инфратузилмани модернизациялашда Жанубий Корея компаниялари самарали ҳамкорликни амалга оширмоқда. Буни икки мамлакат ўртасида иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган қўшма инвестиция лойиҳалари қийматининг 7 миллиард АҚШ долларидан ошиқ эканлигида кўриш мумкин.
Учрашувда Ўзбекистон–Корея Республикаси парламентлари ва уларнинг алоҳида қўмиталари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, парламентларда фаолият юритаётган дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, икки мамлакатда ўзаро ташриф ва қўшма тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Чон Сэ Гюн Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Парламенти Спикери Жанубий Корея раҳбарияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг тез орада ушбу мамлакатга ташриф билан боришини кутаётганини таъкидлади.
Аввалроқ, 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашувлар ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.