Ерда ётган пул кўпдай кўринадими, хуллас Шарифани ҳам “шайтон йўлдан оздириб” ёнидаги банкдан олиб чиққан 950 АҚШ доллари миқдоридаги пулни нотаниш кишига гаров сифатида бериб юборди.
У жорий йилнинг 6 декабрь куни, тахминан соат 12:00 да Чирчиқ шаҳрида жойлашган валюта айирбошлаш шоҳобчасидан 950 АҚШ долларини олиб, Охунбобоев кўчаси, 2-уйнинг олдидан ўтиб кетаётган вақтида, ерда ётган АҚШ доллари ўрамини топиб олади.
Ерда ётган пулларни олмоқчи бўлганида унинг ёнига ёши тахминан 30-35 лар атрофидаги нотаниш киши келиб, ердан топиб олган ўрамли АҚШ долларини бўлиб олишни таклиф қилди.
Нотаниш киши Шарифага “сиз шу ерда тура туринг мен автомашинамни қулфлаб келаман”- деб, бироз юргач орқага қайтиб, “мен сизни танимайман, шунча пулни сизга ишониб кетолмайман, мени алдаб кетишингиз мумкин, ёнингизда тиллангиз ёки пулингиз бўлса менга бериб туринг, шунда мени алдаб кетиб қолмайсиз”- дейди.
Ерда ётган пул кўпдай кўринадими, хуллас Шарифани ҳам “шайтон йўлдан оздириб” ёнидаги банкдан олиб чиққан 950 АҚШ доллари миқдоридаги пулни нотаниш кишига гаров сифатида бериб юборди.
Шарифадан 950 АҚШ долларини олган шахс эса такси тўхтатиб воқеа жойидан ғойиб бўлади.
Буни кўриб ҳайрон бўлиб турган Шарифа Ҳакимова номаълум шахс қочиб кетгандан кейингина қўлидаги доллар ўрами сохта эканлигини билиб қолади. Лекин бу вақт оралиғида у ўзининг ҳақиқий пулларидан айрилиб бўлган эди.
Олиб борилган тезкор суриштирув қидирув ишлари натижасида ушбу жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи 1969 йилда туғилган Азиз Латипов ва 1976 йилда туғилган Аброр Абдуллаев томонидан олдиндан режалаштириб содир этилганлиги аниқланиб ушландилар.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент вилояти ИИБ Матбуот хизмати хабарига кўра, тергов ишлари олиб борилмоқда.
(Эслатма: тергов сири боис материалдаги барча исмлар ўзгартирилган)