Дилхуш кўчасидаги ётоқхонада яшайдиган болаларнинг айримлари ишсиз, улардан икки нафари кеча иш ва яшаш жойи билан таъминланди.
“Qalampir.uz” интернет-нашрида 15 май кунидан бошлаб, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Дилхуш кўчаси 38-уйда жойлашган ётоқхонага оид 3 та мақола чоп этилди. Мақолалар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Маълумки, бу ётоқхонада етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 80 нафар йигит-қиз яшайди. Уларнинг айримлари ҳозирда ишсиз. Шундай болалардан икки нафари кеча, 27 май куни чинозлик тадбиркор Шавкат Мансуров ва Тожибой Мансуров томонидан иш ва уй-жой билан таъминланди.
Эндиликда 19 ёшли Умид Эргашев ва 25 ёшли Маҳмуд Миракбаров “Кохинур” МЧЖ ходимлари ҳисобланади. Маҳмуд чойхонада ошпаз, Умид сомсапазлик билан шуғулланади.
“Qalampir.uz” интернет нашрида ёритиб борилган ётоқхонадаги болалар муаммоси ҳақидаги мақолаларни кузатиб бордим. Шундан сўнг уларга ёрдам беришни инсоний вазифам, деб билдим. Насиб қилса, келажакда икки шогирдимнинг тўйини ҳам ўтказиб бераман. Фақат Умид ва Маҳмуд ҳаётда ўз йўлларини топиб, юзимизни ёруғ қилсалар бўлди”, дейди “Кохинур” МЧЖ раҳбари Шавкат Мансуров.
“Шундай кун келишини кутган эдим! Меҳнат қилиб жамиятга фойда келтиришдан хурсандман. Қўлимдан тутган акаларимизнинг ишончларини оқлаймиз”, дейди Умид Эргашев.
“Энди биз аввалгидек ишсиз эмасмиз. Худога шукур, яхши одамларнинг эътиборига сазовор бўлдик. Ўзбек миллий таомлари тайёрлай оламан, Чинозга келсанглар, албатта, ўзим пиширган палов билан меҳмон қиламан. “Qalampir.uz” ходимлари ва бизга бағрини очган Шавкат акага рахмат!”, дейди Маҳмуд Миракбаров.
Бир сўз билан айтганда, Дилхуш кўчасидаги ётоқхонани таъмирлатиб, шароит қилиб бера олмадик, Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини таъминлаб, уларнинг ҳар бирига уй ҳам олиб беролмадик. Бу бизнинг қўлимизда эмас. Лекин ётоқхонадан илк “қалдирғочлар” учирма бўлишига ҳисса қўшдик. Шунинг ўзи катта гап. Ҳокимлар ойлаб қўл урмаган ишни бир ҳафтага бормай тадбиркорлар амалга оширди. Қолган болалар ҳам ўқиб, ишлаб келажакда Ватанимга, жамиятга фойдамни қўшсам деган орзу-ҳаёлда кун ўтказмоқда.
Бундай ташаббусни энди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Чилонзор туман ҳокимлиги расмийларидан ҳам кутамиз. Ишонамизки, биз бошлаб берган иш кўкрак кериб йўл қурдик, кўприк қуряпмиз, сайил уюштиряпмиз, дея баланпарвоз гапирган ҳокимларнинг қўлидан келади.
Маълумот учун, Умид ва Маҳмуд иш бошлаган ошхона Чиноз тумани, Кўтарма ҚФЙ, Дўстлик кўчаси 2-уйда жойлашган. Мўлжал: Чиноз шаҳри марказига кириш кўприги яқинида.
Фурсатдан фойдаланиб, тадбиркорлар Тожибой Мансуров ва Шавкат Мансуровга таҳририятимиз номидан миннатдорчилик билдирамиз. Улуғ ойдаги савобли амалларининг мукофоти ортиғи билан қайтсин.
Мавзуга доир:
Меҳрибонлик уйидан чиққан болалар сичқон ва каналар ин қурган “уй”да жон сақлаяпти
Етимнинг кўрган куни қурсин! Тошкентда 80 нафар етим бола каламуш ва каналарга таланиб яшамоқда
Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан тортиб барча туман ҳокимларига очиқ хат: Ҳокимлар, сичқонлар билан бир уйда неча кун яшай оласиз?