20 % чекувчилар бедаво онкологик касалликларидан (рак ўсимталаридан) вафот этишини ёдингиздан чиқарманг!
Тамаки чекишни ташлаётган ёки зарарли одатларни яна бошлаб юбормаслик учун курашиб юрган кишида маълум руҳий зўриқишлар бўлиши табиий.
Бу ҳам ўзига хос киши иродасини синайдиган майдон!
Бироқ зарарли одатлардан ҳанузгача қутилолмай юрганларнинг таъсири кишининг асабига тегади...
Улар кези келганда устингиздан кулишади, нафсониятингизга тегади, ўзларининг “доно маслаҳатлари” билан сизни фикрингиздан қайтармоқчи бўлишади.
Бундай кишиларга муносиб жавоб бериш учун сиз бу борада “билимдон” бўлишингиз керак.
Зеро, уларни маълум масофага югуриш ёки қайсидир бадантарбия машқи мусобақасида “мағлуб этиш” имконияти ҳар доим ҳам бўлавермайди.
Бундайларга чекувчилар ҳаётига тааллуқли статистик маълумотларни “эслатиб қўйиш” ҳам бир усул...
Дунё статистикасидан:
- йигитларнинг чека бошлаши 13–15 ёш оралиғида, айрим қизлар эса 15–17 ёшда тамаки чекишни ўрганар экан, бу, аксарият ҳолларда, бепушлик касаллигига дучор бўлиш (!) ёши ҳамдир;
- деярли 70 фоиз киши ҳаётида бир марта бўлса ҳам тамаки чекиб кўрар экан, айнан “биринчи танишув” уларни икки гуруҳга ажратади, биринчиси: чекишга мойиллиги бор кишилар, иккинчиси: чекишни ҳам жисмонан, ҳам руҳан рад этган соғлом фикрли кишилар;
- 70 % “синовчилар”нинг қарийб 30 % келажакда кашанда бўлиши, уларнинг аксарияти 60 ёшга етмасдан турли касалликлар билан вафот этиши аниқланган;
- ғарб мамлакатларида 65 % эркаклар, 50 % аёллар чекишади ва айнан шунча фоиз миқдоридаги аёл-эркаклар ҳаётида рисоладаги оила бахти мавжуд эмас;
- чекувчи кашандаларнинг 95 фоизи бир умр тиш ва оғиз бўшлиғи касалликлари билан курашадилар;
- 20 % чекувчилар бедаво онкологик касалликларидан (рак ўсимталаридан) вафот этишини ёдингиздан чиқарманг;
- 30 % чекувчи аёллар бепуштликдан азият чекадилар.
Юқоридаги 5 та маслаҳатлар ёнига яна кўплаб маълумотларни, тавсияларни “тиркаб қўйиш” мумкин...
Бу борадаги барча маълумотлар кўпчилигимизга яхши таниш, чекишнинг зарарли эканлигини барчамиз бирдай биламиз. Мақсад — эътиборингизни жалб этиш!
Ушбу саҳифаларни ўқиб бир неча киши чекишни ташласа, қайсидир маънода мақсадимизга эришган бўламиз.
Чекишни ташлаш унчалик қийин нарса эмас. Асосийси, буни чин дилдан исташ ва айтойдил ҳаракат қилиш лозим!
Шундоғам атмосферамиз зарарли тутунларга тўла...
Ўпкамизга тоза ҳаво ўрнига зарарли тутунни тўлдиришимиз фақат ўзимиз ва атрофимиздагиларга зарар.
Чекувчилар рўйхатига кирмаган бўлсангиз — қадрингизни билган инсон экансиз!
Мабодо ушбу рўйхатга беихтиёр кириб қолган бўлсангиз, дарҳол чекишни ташланг!
Соғлом турмуш тарзини танлаш — ёш авлодга ўрнак бўлиш, яъни уларни тарбиялашнинг энг яхши усули!
Фарзандларингиз чекувчи бўлишини истамасангиз керак...