Тамаки чекишнинг ўзи зарар, чилим ёки трубкада чекиш эса унданда зарар! Сигарет чекиш 5–10 дақиқа давом этиши, чилим эса соатлаб тортилиши мумкин.
Бундан олдинроқ эътиборингизга ҳавола этилган 1-маслаҳатда чекиш одатини ташлаш орқали киши йўқотиб бораётган соғлиғини тиклаши мумкинлиги, 2-маслаҳатда эса спиртли ичимликлар истеъмоли — кашандаликнинг сояси эканлиги ҳақида билиб олдингиз.
Навбатдаги маслаҳатимиз тамаки чекиш одатини тарк этишда кашанда ўзини қандай йўллар билан чалғитиши мумкинлиги ҳақида тавсиялар берамиз.
Қўшимча маслаҳат сифатида чилим орқали тамаки чекиш одатининг зарари ҳақида ҳам сўз юритамиз.
3-маслаҳат. Ўзингизни чалғитинг!
Тамаки чекишни ташлашга ҳаракат қилиб кўрганларнинг ўзлари ихтиро қилган ўнлаб усуллари мавжуд.
Ёнғоқ ва пистабодом каби данаклар билан тамаки хуморини “чалғитиш” усулини кўп эшитгансиз. Бу ҳам айнан олимлар, айрим диетологлар тавсияси.
Бироқ бу усулнинг ортида — турли тиш ва оғиз бўшлиғи касалликлари яширин!
Қовурилган кунгабоқар уруғи, яъни писта чақиш орқали маълум маънода тамаки хуморини чалғитиш мумкиндир. Бироқ бу этикетга зид, ортиқча вазн тўплашга олиб боради ва оғиз бўшлиғи, ҳатто меъда-ичак касалликлари сари етаклайди.
Энг яхшиси — туршак шимиш...
Бу усул танани тозалашга кўмак беришидан ташқари юракка қувват бўлади.
Яна бир усул — аччиқ бодом чақиш. Эътибор беринг, ейиш эмас, чақиб ейиш...
Биринчидан, тайёр бодом данакларини истеъмол қилиш — чалғитишдан кўра овқатланишга ўхшаб қолади. Иккинчидан, айнан аччиқ бодом кишини чамаки хуморидан чалғитиш билан бирга семиришга ҳам йўл қўймайди.
Унинг таркибида қон айланиш тизими, хусусан қон томирлари тиқинини бартараф қиладиган моддалар мавжуд. Диабет касалига учраган беморларнинг кўпчилиги ачиқ бодамнинг хусусиятлари ҳақида яхши билишади.
Аммо юқорида келтирилган ҳар икки усул ҳам меъёрдан ошмаслиги лозим.
Сақич чайнаш орқали ҳам тамаки хуморини маълум маънода “ўлдириш” мумкиндир. Бироқ, айрим ҳолларда, таркибида турли зарарли моддалар мавжуд бўлган сақичларни чайнаш — тамаки тутуни зараридан ҳам ошиб тушади.
Таркиби ўрганилган сақични овқатдан сўнг, кўпи билан 5–7 дақиқа чайнаш кифоя. Сақич иштирокида ажралган сўлак безлари суюқлиги овқат ҳазм қилиш жараёнини енгиллаштириш билан бирга сигарета тутатишдан чалғитиши мумкин.
Бироқ барибир иродангиз бўш бўлса, бундай “чалғитувчилар”дан ҳеч қандай наф йўқ!
Қўшимча маслаҳат. Чилимда чакиш безарарми?
Айрим чекувчиларнинг фикрича, чилимда (ёки трубкада) тамаки чекиш безарар эмиш...
Бўлмаган гап!
Замонавий сигаретларнинг фильтр вазифасини ўтовчи қисми бор. У маълум миқдорда “йирик тутунлар”ни тутиб қолади.
Чилимда ёки трубкада эса тамаки заҳри тўғридантўғри, бунинг устига намланган ҳолда ўпкага киради. Бу тамаки таркибидаги никотин, углерод оксиди, смола ва оғир металларни тўлиғича “ҳазм” қилинишига сабаб бўлади.
Масалан, сигарета таркибидаги никотин моддаси 1–3 % ни ташкил этса, чилим орқали у 2–4 % гача ошиши мумкин.
Углерод оксиди эса 0,34 % дан 1,40 % гача ўзгаради. Тамаки тутунида эса бу кўрсатгич 0,41 % га тенг.
Энди ўзингиз мантиқан ўйлаб кўринг. Чекишнинг ўзи зарар, чилим ёки трубкада чекиш эса унданда зарар!
Негаки, сигарет чекиш 5–10 дақиқа давом этиши, чилим эса соатлаб тортилиши мумкин.
Хуллас, чилим орқали чекиш зарарсиз, деб ҳисоблайдиган кишилар қаттиқ адашадилар. Бошқа чекувчиларга нисбатан чилим тортувчиларнинг аксариятида ўпка раки, бепуштлик, юрак қонтомир каби касалликлар кўпроқ учраши аниқланган.
Энг ёмони — чилимни кўпчилик, яна бир вақтнинг ўзида чекиши оқибатида бошқа юқумлик касалликларга чалиниш мумкин. Ҳатто ОИТС вирусини ҳам чилим орқали юқтириш мумкин экан.
Энг даҳшатлиси эса — чилимга тамаки ўрнига бошқа зарарли моддалар солиниб чекилиши мумкин.
Алқисса шуки, чекишни одат қилмаган маъқул, чекувчилар эса бу зарарли одатдан тезроқ халос бўлишлари мақсадга мувофиқ.
Азиз муштарий, туркумнинг навбатдаги тавсияларни кузатишда давом этинг!