Спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, тамаки чекмайдиган, ёки аксинча, тамаки чекиб, алкаголь ичмайдиган кишилар кам учрайди.
Эндиги маслаҳатимиз кашандаларнинг овқатланиш тартиби ва унинг чекиш одати билан боғлиқ жиҳатлари ҳақида.
2-маслаҳат. Сизга парҳез керак!
Тамаки чекиш — спиртли ичимликлар ичиш одатининг сояси...
Ҳақиқатда ҳам!
Спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, тамаки чекмайдиган, ёки аксинча, тамаки чекиб, алкаголь ичмайдиган кишилар кам учрайди...
Эътибор берсангиз, чекиш одатидан холи кишиларнинг кўпчилиги спиртли ичимликлар истеъмолидан сўнг сигарета сўраб қолади.
Худди бу икки иллат бир-бирини тўлдириб тургандай!
Ёдда тутинг, спиртли ичимликлар ичган киши меъёрдан ортиқ озиқ-овқат истеъмол қилади. Бунда унинг рациони ёғли ва аччиқ таомлардан иборат бўлиши ҳам табиий.
Деярли ҳеч нарса емасдан оч қоринга ичадиганлар, чекадиганлар... бу умуман бошқа масала! Улар ўз-ўзига ҳукм ўқиган бедаволардан ўзга нарса эмас.
Демак, спиртли ичимликларни ичишни ташлаш — бу тамаки чекишни ташлаш томонга қўйилган биринчи қадам ҳисобланади.
Ҳар иккала зарарли одатлардан халос бўлган кишилар парҳез орқали ўз саломатликларини назорат қилиб боришлари мумкин.
Айрим олимларнинг фикрича, тавсия этилаётган махсус парҳез орқали чекишни ташлаш мумкин экан. Бунинг учун сиз қуйидаги маҳсулотларни истеъмол қилишингиз керак: сут ва сут маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар.
Гап шундаки, айнан шундай маҳсулотлар танадан ёт моддаларни чиқаришга хизмат қилиб, тамаки тутунига бўлган “меҳрингиздан” айиради, спиртли ичимликлар ичишдан тийиласиз.
Зеро, парҳез учун топилган ички қатъият, сабр-матонат — зарарли одатларни инкор қилишга ҳам қодир!
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тамаки чекишни ташламоқчи бўлган кашандалар, энг аввало, овқатланиш тартибини ўзгартиришлари, аниқроғи уни тартибга солишлари даркор.
Рациондан ёғли ва аччиқ таомларни йўқотиш билан бирга кофе ҳамда аччиқ чой ичиш одатини ҳам камайтириши лозим.
Тўғри, маслаҳат бериш осон, лекин кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган одатларни тарк этиш — осон иш эмас. Бунинг учун биргина ироданинг ўзи камлик қилгандай бўлади.
Тамаки кашандалари ўзларини “чекиш дардидан” қандай қилиб чалғитишлари мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни навбатдаги маслаҳатлардан билиб оласиз.
Туркумнинг навбатдаги тавсияларни кузатишда давом этинг!