Расмий маълумотларга кўра, Чеченистон Республикасида Тугунли дерматит билан зарарланган 4,5 мингдан ортиқ қорамол рўйхатга олинган.
Маълумотларга кўра, касаллик мамлакат жанубидаги барча вилоят ва туманларда қайд этилган. Айни вақтда касалликка қарши вакцинанинг йўқлиги сабабли, Тугунли дерматит тарқалишининг олдини олиб бўлмаяпти. Бу ҳақда минтақавий ҳукумат қошидаги ветеринария бошқармаси, ветеринария-санитария экспертиза бўлими бошлиғи Адам Чукаев хабар қилган.
“Тугунли дерматит Чеченистонда илк бор 2015 йилнинг августида пайдо бўлган эди. Бизга бу касаллик Доғистон ва Озарбайжондан етиб келди. Аввалига касаллик билан зарарланган қорамоллар сони кўп эмасди. Уларни мавжуд дори-воситалари, антибиотиклар билан даволадик, аммо бу йил у жуда ҳам авж олиб кетди. Бунга касалликка қарши вакциналарнинг йўқлиги сабаб бўлмоқда.
Афсуски, Тугунли дерматит мамлакат жанубидаги ҳудудларга тўлиқ тарқалмоқда. Чеченистондаги ҳар бир аҳоли пунктида ушбу касаллик билан зарарланган ҳайвонни топиш мумкин. Бу жуда хавфли ва охири жонзотларнинг ўлими билан якун топадиган касалликдир. Биз касалликни тўхтатиш учун қўлимиздан келган барча ҳаракатларни амалга ошираяпмиз, ҳозирча бунинг уддасидан чиқа олмаяпмиз. Вакцинасиз касаллик тарқалишини тўхтатиш қийин. Россиялик мутахассислар вакцина устида иш олиб бормоқдалар”, дейди Чукаев.
Расмий маълумотларга кўра, Чеченистон Республикасида Тугунли дерматит билан зарарланган 4,5 мингдан ортиқ қорамол рўйхатга олинган. Аммо мутахассисларнинг фикрича, асл миқдор бундан анча кўпроқ.
Ҳозирда мамлакатда қорамоллар сақланадиган жойларни тозалаш ва эпидемиологик зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Касалликни қон сўрувчи ҳашаротлар тарқатиши сабабли, уларга қарши чоралар ҳам амалга оширилмоқда.
“Биз қорамол гўштининг савдо расталарига чиқарилишини қаттиқ назорат қилаяпмиз. Касаллик билан зарарланган мол гўштининг кўриниши ва ҳиди ёқимсиз бўлади. Инсонлар адашиб истеъмол қилган тақдирда ҳам термик таъсирдан сўнг вирус ўлади”, дейди Чукаев.
Чеченистондаги Тугунли дерматит билан касалланган қорамоллар ёқиб юборилмоқда. Вакцина пайдо бўлгунига қадар мамлакатдаги ветеринарлар, қорамол бўйича мутахассислар касаллик тарқалишини тўхтатиш чораларини излашмоқда.
Маълумот учун, бу касаллик инсон учун хавфсиз. У одамларга юқмайди, бироқ қорамол учун ўлим демакдир!
Маълумот учун, мол териси устида пайдо бўладиган бу тошма қон сўрувчи ҳашоротлардан юқади. Тошма бора-бора катталашади ва ён-атрофдаги тери тўқималарига ҳам тарқалади. Вақт ўтгани сайин, теридаги тошма қизаради ва пуфак ҳосил бўлади. Бундан ташқари, вирус тери ости ички тўқималарига таъсирини ўтказади ва қорамолнинг ички органларини ҳам зарарлайди. Шунингдек, молнинг кўзи зарарланади, ҳазм йўллари шиллиқ қаватида шиш ҳосил бўлишига, қорамолда юқори даражадаги иситма пайдо бўлишига олиб келади. Қорамоллар орасидаги энг хавфли юқумли касалликлардан бири бўлган Тугунли дерматит касаллигига чалинган қорамоллар тез фурсатда озиб кетади, устки териси ёқимсиз ҳолатга келиб қолади, бўйи чўкади, сут беришдан тўхтайди. Одатда бундай касаллик билан кўп сут берувчи наслли моллар касалланади. Илк бор бу касаллик Африкада, Мадагаскарда 1929 йил пайдо бўлган. 1945 йилда эса Трансильвания, Кения ва Руминияда тарқалган. Жанубий ва Шарқий Африка ҳамда Ҳиндистонда ҳам касаллик қайд этилган ҳудудлар аниқланган.
Касалликка чалинган қорамол ёқиб юборилади. Касалланган ҳайвонлар сақланган ҳудудларда эпидемиологик ишлар амалга оширилади.