9 ойлик чақалоқнинг онаси фарзандидаги жароҳатларни кўриб, хонага яширин камера ўрнатишга қарор қилади.
Бу ҳақда “The Independent” нашри хабар берди.
9 ойлик чақалоқнинг онаси фарзандининг танасида кўкарган жароҳатларни пайқайди. Шу сабабли боланинг хонасига яширин камера жойлаштиради.
Видеода ёзиб олинган кадрларда эса энаганинг чақалоққа жонсиз қўғирчоқ каби муносабатда бўлганлиги тасвирланган.
Энага боланинг бошини пастга тушириб, оёғидан ушлаб, уни юзи билан ётоқ жойига улоқтириб юборган. Бундан ташқари, у чақалоқнинг йиғисига ҳам парво қилмаган.
Чақалоқнинг онаси бу видеони томоша қилгач, полицияга мурожаат қилган. Энага чақалоққа қўпол муносабатда бўлганлиги ва ҳаётига хавф туғдиргани учун қамоққа олинди.
Энага мавзуси тилга олинганида, 2016 йилда содир бўлган даҳшатли воқеани ёдга олмаслик мумкин эмас. Февраль ойида Москвада 4 ёшли болани шавқатсизларча ўлдириб, унинг бошини танасидан жудо қилган энага қўлга олинган эди. Қотил-энаганинг ўзбекистонлик эканлиги эса катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.
Самарқандда туғилган Гулчеҳра Бобоқулованинг сўзларига кўра, қабиҳ жиноятга қўл уришига унинг бахтсиз ҳаёти сабаб бўлган.
Прокуратура томонидан ўтказилган экспертиза натижалари уни руҳий ҳаста эканлигини кўрсатди. Хорошевск туман судининг ҳукми билан Гулчеҳра Бобоқулова Россия Федерацияси ҳудудидаги махсус руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилганди.
Эслатиб ўтамиз, бундан бироз олдинроқ Европа давлатларига ноқонуний равишда чақалоқларни сотган сохта энагалар ҳақида ҳам хабар эълон қилган эдик.