...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бугун Қаршида катта футбол! “Насаф” жиддий синовдан ўтади


11:35, 02.04.2018 Спорт
 3 354

Рўзиқул Бердиев шогирдлари Эронда деярли чемпион бўлишга улгурган “Персеполис”га қаршилик кўрсатишади.

Бугун, 2 апрель куни Қаршининг “Насаф” жамоаси ОЧЛнинг 5-тури доирасида Эроннинг “Персеполис” жамоасига қарши майдонга тушади.
 
Мазкур учрашув ҳар иккала жамоа учун жуда муҳим. “Аждарлар” учун бугунги ўйиндаги ғалаба гуруҳ босқичидаги имкониятини оширади.
 
Рақиб жуда кучли. Улар деярли мамлакат чемпионлигини ҳал қилиб, бор кучларини ОЧЛга қаратган. Аммо “Насаф” ўйинни ўз майдонида ўтказишини инобатга олиб, “Марказий” стадионига ташриф буюрган минг-минглаб ишқибозлар футболчиларга далда бўлиши мумкин.
 
Воҳалик футбол ишқибозлари “Насаф”дан ғалаба кутмоқда. “Насаф” футболчилари ана шу ишончни оқлаш учун яна бир муҳим учрашувда майдонга тушишлари талаб этилади.
 
Учрашувни ФИФА ҳаками Али Абдулнаби бошчилигидаги баҳрайнлик ҳакамлар бошқаради. Унинг ҳамюртлари Муҳаммад Салмон ва Абдулла Алравоийми қанотларда ёрдам беради. Исмоил Ҳабиб Али эса захира ҳаками сифатида ишлайди.
 
Ҳакамлар ишини гонконглик Лам Чи Хо назорат қилади. Учрашув комиссари Али Жаброил Фаластиндан.
 
ОЧЛ-2018. “С” гуруҳи, 5-тур.
“Насаф” (Қарши) – “Персеполис” (Эрон).
02.04.2018. “Марказий” стадион. 19:30.
 
Маълумот учун, “Насаф” айни вақтда тўртта учрашувдан сўнг гуруҳда 6 очко тўплаган ҳолда учинчи ўринни эгаллаб турибди.
 
Биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаб турган “Ал Садд” ҳамда “Персиполис” жамоалари ҳисобида 9 очко мавжуд. Умуман очко ишлай олмаган "Ал Васл" эса плей-офф учун курашни тўхтатган.
 
Бугунги учрашувда “Насаф” жамоасига омад тилаб қоламиз!
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Насаф Персеполис ОЧЛ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!