...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бу бир виждон масаласи! Бунинг охири борми?


18:54, 21.02.2018 Жамият
 13 893

Туркия нима учун суриялик қочқинларга ёрдам қўлини чўзаётганини кўпчилик “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” қабилида тушуниши мумкин.

Бироз аввал эътиборингизга ҳавола этилган “Зайтун новдаси” операцияси бошланганига бир ой тўлди. Туркия кимга қарши чиқмоқда?” номли мақола шу жумлалар билан якунланганди:
 
Туркия ҳукумати учун қочоқларни уй, кийим-бош, озиқ-овқат ва иш билан, ҳар бир кишини нафақа билан таъминлаш осон бўлмаётгани аниқ. Шу боис ҳарбий амалиётлар муваффақиятли якун топса, Сурияда хавфсиз ҳудудлар юзага келади ва қочқинларнинг бир қисми ўз уйига қайтади.
 
Дарҳақиқат, бугун Туркияда расмий маълумотларга кўра 3,5 миллиондан ортиқ, норасмий маълумотларга қараганда 6 миллиондан зиёд қочоқлар истиқомат қилмоқда. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси бугунгача қочоқлар учун сарфланган маблағ 38 миллиард АҚШ долларидан ортганини айтади.
 
3,5 миллион нафар аҳоли! Бу кичкина кўрсаткич эмас. Таъбир жоиз бўлса, бир кичикроқ мамлакат аҳолиси билан тенг дегани.
 
Ўтган йили Туркия ҳукумати томонидан қочқинларга яратиб берилган шароитларни ўз кўзимиз билан билан кўриш имконияти бўлганди. Лагерларга ўрнатилган уй-контейнерларнинг ҳар бирига чироқ, иссиқ ва совуқ сув ўтказилган. Ҳар бир уй-контейнерда ошхона мавжуд. Бундан ташқари, уларнинг ҳар бирида маиший техникалардан телевизор, музлатгич ва кир ювиш машинаси ўрнатилган. Лагерда алоҳида арзонлаштирилган супермаркет, поликлиника, мактаб, масжид бор. Оналар ва уй бекалари учун қўшимча касб тўгараклари фаолият юритади. Ҳар мавсумда қочқинлар кийим-бош билан таъминланади. Қолаверса, ҳар киши бошига 15 кунда 50 лирадан пул берилади.
 
 
Қочқинлар сони эса кун сайин ортиб бормоқда. Тўғри, бугун Туркияга кириб келаётган қочоқлар тўхтагандир, бироқ 5-6 йилдан буён мамлакатдаги лагерларда яшаб келаётган қочқинлар бир неча фарзандли ҳам бўлишга улгурган. Улар фарзанлари учун ҳам ҳар 15 кунда 50 лирадан пул оладилар.
 

 
Биргина Қаҳрамонмарашда жойлашган қочоқлар лагерида қарийб 24 минг киши истиқомат қилади. Уларнинг 18 минг нафари суриялик, қолган 5 мингдан зиёди ироқлик. Лагерга 5008 та уй-контейнер, битта мактаб, битта боғча, иккита масжид ва поликлиника жойлаштирилган.


 
Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башер Шен Суриянинг Идлиб вилоятида олиб борилган ҳарбий ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, кўплаб қочқинлар ўз юртларига қайтганларини айтаркан, Африндаги “Зайтун новдаси” якунидан ҳам шу кутилаётганини қўшимча қилди.
 
Юқорида айтилганидек, 3,5 миллион қочоқни боқиш ўзи эмас, ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш ҳам катта маблағ талаб этади. Расмий Анқара эса буларни ҳеч бир мамлакат ва ҳеч бир халқаро ташкилот моддий жиҳатдан молиялаштирмаётгани, ҳаммаси Туркия ҳукумати тарафидан амалга оширилаётгани айтади. Хўш, Туркия халқи бунга қандай муносабатда? Ҳарбий ҳаракатларга сарф этилаётган, қочқинларга тортиқ этилаётган маблағлар ҳам аслида халқники, ҳарбий операцияларда ҳалок бўлаётган аскарлар ҳам халқнинг боласи. Бу масалага Аҳмад Башар Шен қуйидагича муносабат билдирди:


 
“Бу инсонлар ҳақида сўз кетганда, уларга салбий кўз билан қараш тўғри бўлмайди. Улар шундоқ ҳам ўз мамлакатида уйини, ишини, яқинларини йўқотган. Уларнинг аҳволи оғир. Мен аминманки, нафақат Туркия, балки Ўзбекистонда ҳам оғир шароитда қолган одамга кет, ёрдам бера олмаймиз, дейилмайди. Биз сиз билан бир маданият вакилларимиз ва табиийки, бизларда миллатлараро душманлик, ирқчилик йўқ. Қисқа қилиб айтганда, ғарбнинг касалликлари бўлган бу иллатлар бизга ёт!
 
2011-2012 йилларда мен Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг Сурия бошқармасида ишлаган бўлсам, кейинроқ, Берлиндаги консулхонага ўтказилдим. Суриялик қочоқлар Туркиядан Европага келишни бошлаганида Германия ва бошқа Европа мамлакатларининг қандай аҳволга тушганини жуда яхши эслайман. Қочқинлар чегара ҳудудларидан ўта олмасин, деб чегараларни тиканли симлар билан ўрашди, ҳатто, уларга қарата ўт очганлар ҳам бўлди.
 
Маданиятларимизнинг ўхшаш томонлари шундаки, қийин шароитдаги одамнинг кўксидан итармаймиз. Туркия Суриядан келган қочоқларга ҳудди шундай муносабатда бўлди. Зулмга учраган инсонга нисбатан меҳр-мурувват кўрсатиш халқларимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
 
Биз уларни қучоқ очиб қаршиладик. Албатта, Суриядаги вазият бизга ёқаётгани йўқ. Лекин улар келиб биздан бошпана сўраб турса, қандай қилиб йўқ деймиз?!
 
Ҳалок бўлаётган аскарларимизга келсак, улар Ватан тинчлиги учун террорчиларга қарши курашоқда. Улар Сурияда тинчлик ўрнатилиши, Туркиядаги қочқинлар ўз мамлакатига қайта олиши учун курашмоқда. Шу боис Туркия халқи бу вазиятда ҳукуматни қўллаб-қувватлаб, қочқинларнинг кўксидан итармаяпти.

Туркия халқи ва Суриядан келган қочоқлар ўртасида кўча-кўйда маиший масалалар деб кичик жанжаллар чиқиши мумкин, аммо буни катта низоларга менгзаш тўғри, деб бўлмайди”, дейди Аҳмад Башар Шен.
 

 
Жорий йилнинг июнь ойида Туркиянинг Шонли урфа ва Қаҳрамонмараш шаҳарларидаги учта  қочқинлар лагерида бўлганимизда, бир нарса эътиборимизни тортган эди. “Қочқинлар маҳалласи” кираверишига катта баннер илинган: ундаги суратда Туркия Республикаси президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг турмуш ўртоғи қочқин болаларни қучиб тургани тасвирланган. Ушбу сурат остига Туркиянинг суриялик қочоқларга қилаётган ёрдами миннат шаклида ҳисобот қилиб кўрсатилмаган. Аксинча, “Бу бир виждон масаласи!” деб ёзилган, холос.


 
Туркия нима учун суриялик қочқинларга ёрдам қўлини чўзаётганини кўпчилик “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” қабилида тушуниши мумкин. Бироқ мамлакат ҳукумати, жумладан давлат раҳбари сурат остидаги ушбу гаплар билан жавоб қиляпти: Бу бир виждон масаласи!
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари

Теглар:Африн Қаҳрамонмараш Сурия Аҳмад Башар Шен Шонли урфа 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар