Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилаётган Олимпиада ортида бўлаётган воқеалар мамлакатнинг кенг кўламли халқаро мусобақага тайёр эмаслигини кўрсатноқда. Олимпиада мезбон давлатдаги асл вазиятни кўрсатиб берувчи кўзгу сифатида хизмат қилади.
Ҳар бир Олимпиада мусобақасида ғалати, таъбни хира қиладиган воқеалар бўлиб туради. Лекин Рио-де-Женейродаги Олимпиада ҳаммасидан ўтиб тушди. Бассейндаги яшил сув, Олимпиада шаҳарчаси биноларидаги ёмон шароитлар, кўчаларда сайёҳларнинг маҳаллий аҳоли томонидан тунаб кетилиши – буларнинг барчаси Бразилиядаги аҳволнинг реал томонларини кўрсатиб берди. Биз бу ерда Олимпиада туфайли мазкур мамлакатнинг асл қиёфаси фош бўлди, деган фикрни ўртага ташлашдан йироқмиз. Аслида, гап бу давлатда сайёҳлар ва миллонлаб мамлакат аҳолиси доимий равишда дуч келадиган аччиқ ҳақиқат ҳақида кетмоқда.
Олимпиада шундай бир мусобақаки, унда ташкилотчи давлатнинг ҳаёт тарзидаги барча томонлар яққол намоён бўлади. Спортчилар, кўнгиллилар ва ҳаттоки, бошқа давлатдан келган вазирлар тўқнаш келган Бразилиянинг асл қиёфаси биз ўйлаганчалик карнавал каби ранг-баранг эмас экан. Олимпиада Бразилиядаги ҳаёт учун кўзгу вазифасини бажарди.
Мусобақа бошланишиданоқ ўғриликка старт берилди. Олимпиаданинг очилиш маросими пайтида россиялик спортчилар тўпланиб, ўйин натижаларини муҳокама қиладиган “Рус уйи”га жиноятчилар ўғриликка тушишди ва ўзлари билан учта компьютер ҳамда видеокамерани олиб кетишди. Уларни на полиция, на кузатув камералари тўхтатиб қолди.
Безориларнинг навбатдаги нишони россиялик спортчи Эвгений Коротишкин бўлди. У 2012 йилда ўтказилган Лондон Олимпиадасида сузиш бўйича кумуш медаль совриндори саналади. Ватандошларини қўллаб-қувватлаш учун Риога келган собиқ спортчи икки қуролланган қароқчи томонидан тунаб кетилди. Безорилар унинг чўнтагини шип-шийдон қилиб кетишди.
Албатта, жиноятчиларнинг нишони фақат россияликлар бўлиб қолмади. Рио Олимпиадасида бронза медални қўлга киритган бельгиялик дюздочи Дирк ван Тихелт енгилтак қиз тузоғига тушиб қолди. Унинг тунаб кетилишига доир турли хил ҳикоялар мавжуд. ОАВнинг Бельгия Олимпия қўмитасига асосланиб ёзишича, Дирк машғулотлар бўйича ҳамроҳининг телефонини безорилар тортиб олгач, уларнинг ортидан қувиб етиб олган ва юзидан зарб еган. Бразилиянинг ОАВлари эса спортчига енгилтак қиз ҳужум қилганини таъкидлаб келишмоқда.
Омадсизлик Австралия делегацияси билан ҳам содир бўлди. Олимпиада шаҳарчасидаги бинолардан бирида юз берган ёнғин туфайли мамлакат терма жамоаси эвакуация қилинаётган пайтда иккита ноутбук ва бир қанча футболкалар йўқолди. Паралимпия ўйинлари иштирокчиси Лизл Теш ва Австралия терма жамосининг физиотерапевти Сара Росс велосипедда сайр қилиб юрган чоғда тунаб кетилди. Уларнинг олдида қимматбаҳо буюмлар бўлмагани боис, йўлтўсарлар велосипедларни тортиб олишди. Бундан ташқари, Австралиянинг эшкак эшиш бўйича жамоаси мураббийлари қуролли ҳужумнинг қурбонлари бўлишди. Улар ёнидаги барча қимматбаҳо нарсаларни беришларига тўғри келган.
Дания терма жамоаси ўзининг телефонлари, планшетлари, компьютерлари, кийимлари ва ҳаттоки, чойшабларидан айрилишди.
“Бизнинг илтимосимиз билан Олимпиада шаҳарчасида тозаликка қаровчи ходимлар сони ошгач, нарсаларимиз йўқола бошлади. Улар ҳамма нарсани ўғирлашмоқда”, дейди делегация раҳбари Мортен Родтвит.
Бразилиялик жиноятчиларнинг сони кундан-кун ошмоқда. ОАВ 50дан ортиқ жабрланган кишилар ҳақида хабар бераётган бир пайтда, полиция бу ҳақда ҳеч қандай расмий маълумот бермаган. Бразилияда қуйидаги машҳур меҳмонлар ҳам жиноятчиларнинг “илиқ кутиб олишидан” баҳраманд бўлишди:
Португалия Спорт вазири Тиаго Брандао Родригес ўз фамилядоши томонидан тунаб кетилди.
Греция делегацияси аъзоси Стратос Сафиолеас умумий қиймати олти минг еврога тенг компьютер ва видеокамерасиз қолди.
Аккредитациядан ўтган фотограф Бретт Костеллонинг 40 минг АҚШ долларига тенг мосламалари солинган сумкаси ўғрилар назаридан четда қолмади.
Янги Зеландия делегати Жейсон Лини пластик карточкасидан 20 минг реал ечиб олишга мажбур қилишди.
Юқоридаги жабрланганлардан фақат португалиялик вазирни тунаб кетган жиноятчиларни қўлга олинди. Полиция ҳам қонунбузарликларни тўлиқ олдини олишга муваффақ бўлмаяпти, афсуски.
Жиноятчилик Бразилияда анчадан буён кенг тарқалган муаммолардан бири бўлиб келмоқда. У шунчалик кенг томир отганидан, одатий ҳаёт тарзига айланиб қолгандай, гўё. Ҳукумат қанчалик кураш олиб бормасин, йилдан-йилга жиноятлар сони ортса ортмоқдаки, асло камаймаяпти.
Статистика шу даражада аянчлики, майда ўғирликлар тўғрисида ҳукумат органлари сайтида маълумотлар йўқ. Бу ерда қотиллик, зўрлаш, автомобиль ўғирлаш ва жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган ўғриликлар ҳақида маълумотлар бор. Масалан, 2014 йилда автомобиль ўғирлаш билан боғлиқ 221 минг ҳолат кузатилган, шулардан 98 мингтаси Сан-Паулода, 32.5 мингтаси эса Рио-де-Жанейрода кузатилган. Мамлакат бўйлаб ҳар 100 минг машинадан 298та, яъни ҳар 335-автомобиль ўғирланади. Бу жуда катта кўрсаткич ҳисобланади.
Олимпиада иштирокчиларининг қайсидир маънода омади келган, десак ҳам бўлади. 2014 йилда ҳар 100 минг одамдан бир нафари ўғрилар туфайли ҳалок бўлган. Бунда ҳам Сан-Пауло ва Рио етакчилик қилмоқда. Шу билан бирга, йўлтўсар ўғриларнинг сони йилдан йилга ошиб бормоқда.
Халқаро статистик тадқиқотлар Бразилияни ўғрилик авж олган давлатлар ичида учинчи ўринга қўяди. Мамлакат фақат Аргентина ва Мексикадан ортда қолмоқда. Олимпиада мезбонининг ҳар 100 минг аҳолисига 572та ўғирлик тўғри келади. Мексикада бу кўрсаткич 688га, Аргентинада эса 973га тенг. Ваҳолангки, бу давлатлар Лотин Америкасида энг катта иқтисодий салоҳиятга эга мамлакатлар ҳисобланади.
Юқоридаги барча статистик маълумотлар наҳотки, Халқаро олимпия қўмитасини қарор қабул қилишдан олдин ўйлантирмаган? Бразилиядаги ижтимоий-иқтисодий аҳволдан Халқаро даражадаги мутахассисларнинг бехабар эканлиги, эҳтимолдан анча йироқ. Олимпиададек катта мусобақани қабул қиладиган мамлакатда меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш жуда муҳимдир. ХОҚ эса мазкур мусобақа географиясини кенгайтиришни ўйлаб, спортчилар, журналистлар ва делегатларнинг хавфсизлигига кўз юмган кўринади.
Риода бўлаётган воқеалар орасида ўғирлик унчалик қўрқинчли эмасдек. 11 август куни Олимпиада ўйинларининг хавфсизлик хизмати ходимларидан бири отиб кетилди. У автомобилда ташландиқ масканлардан бирида адашиб қолган бир пайтда, жиноятчиларнинг ўқ ёмғири остида қолди.
2013 йилда Мексиканинг “La Jornada” журнали Бразилияда қотиллик тўғрисида статистикани чоп этди. Унга кўра, 2004-2007 йиллар оралиғида мамлакатда ўқотар қурол орқали 147 минг одам ўлдирилган. 2010 йилнинг ўзида эса бу кўрсаткич қуйидагича кўриниш олди: 36 792 та қотиллик, бир кунда 100 киши, бир соатда тўрт ёки ҳар 15 дақиқада бир киши. Лекин катта шаҳарларда қотилликлар сони бир мунча камайган. Рио-де-Жанейрода 2000 йилда то 2010 йилгача ўқотар қуроллардан ҳалок бўлганларнинг сони 43 фоизга камайган. Шунга қарамасдан, жиноятларнинг сони Жаҳон чемпионати ва Олимпиада мусобқаси ўтказилишини шубҳа остига қўймади.
Мамлакат ҳукумати мавжуд муаммоларга кўз юммади. “Жаҳон чемпионати-2014” ва “Рио-2016” мусобақаларига тайёргарликлар кўриш пайтида хароба ва ташландиқ аҳоли масканларида кўплаб рейдлар ўтказилди. Масалан, 2010 йилда жиноятчиларга қарши курашишда армия бўлинмалари ишга солинди. Ўшанда полиция ва ҳарбийлар Рио-де-Жанейронинг энг қашшоқ чекка ҳудудларидан бири Вила Крузайрода жиноятчи тўдаларнинг фаолиятига нуқта қўйишди. Мазкур туман наркотика савдоси билан шуғулланадиган икки гуруҳ томонидан назорат қилинган. Улар полицияга қурол билан қаршилик кўрсатишди. Тўқнашувлар натижасида деярли 30 киши ҳалок бўлди.
Албатта, бундай чора-тадбирлар вазиятнинг ўзгаришига сезиларли таъсир ўтказди. 2014 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида ўғирлик билан боғлиқ ҳолатлар кузатилиб турди, аммо катта кўламда эмас. Бразилия ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатдаги вазиятни яшириш билан шуғулланди, десак муболаға бўлмайди. Кураш олиб борилгани билан жиноятларнинг туб илдизлари сақланиб қолаверди.
Таҳлилчилар Бразилиядаги жиноятчиликни бир қатор сабаблар билан тушунтиришади: зўравонлик тарғиботи, наркотика савдоси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маънавий бузилиши, қамоқ тизимининг деградацияси, кенг тарқалган урбанизация ва бошқалар. Кўриниб турибдики, ижтимоий тенгсизлик ва йирик шаҳарлардаги қашшоқликка қарши курашмай туриб жиноятчиликка қарши уруш эълон қилиш бефойда.
2014 йилги жаҳон чемпионати нисбатан тинчроқ ўтди, аммо молиявий қийинчиликлар ижтимоий муаммоларнинг ошишига олиб келди, бу эса ўз навбатида жиноятларнинг кўпайишига сабаб бўлди.
Бразилиянинг молиявий муаммолари 2014 йилдан кейин анча ёмонлашди. 2015 йилда Ялпи ички маҳсулот 3.8 фоизга тушди, давлат қарзи эса 9 фоизга ўсди. Бюджет дефицити эса 30 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Petrobras давлат нефть компанияси билан боғлиқ можароларнинг уч йил давом этиши ҳам мамлакат иқтисодиётига катта зарба берди.
Олимпиадада хавфсизликни таъминлаши керак бўлган ҳарбийлар ва полициячиларнинг кўпчилиги бир неча ой давомида маош олишмаган. Бу ҳам халқаро мусобақа ўтказилаётган пайтда жиноятларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Чунки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг жиноятчилар ортидан тақиб қилишга хоҳишлари йўқ. Ўғрилар, киссавурлар ва йўлтўсарлар буни жуда яхши билишади. Шунинг учун улар Рио бўйлаб бемалол “сайр” қилиб юришибди.
Бразилиядаги сиёсий инқироз ҳам вазиятни оғирлаштирди. Олимпиада ўйинларининг ўтказилиши орқали ўз мамлакати имижини халқаро майдонда кўтариб олишни мақсад қилган президент Дилма Руссеф коррупцияда айбланди ва унга импичмент жараёни бошланди. Бу ҳам “Рио-2016”ни жиддий муаммолар кутаётганидан далолат берган эди.
Олимпиада ўйинлари давлатларнинг халқаро миқёсдаги имижини янада яхшилашга хизмат қилади. Буни биз амалиётда ҳам кўп кузатганмиз. Мусобақа туфайли мезбон мамлакатга келадиган сайёҳлар сони ортади. Лекин бу Олимпиададек катта мусобақанинг қандай ва қай аҳволда ўтказилишига ҳам боғлиқ. Биринчи навбатда спортчилар ва бошқа чет эллик меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш жуда муҳим. Агар келган меҳмонлар ва ОАВда мезбон давлатдаги шароитлар ҳақида таассуротлар салбий бўлса, билингки, мамлакат имижига путур етади. Кўзланган мақсад эса амалга ошмай қолиши мумкин. Зеро, мамлакатни дунёга ҳеч нарса спортчалик тез машҳур қила олмайди.
Хулоса қилиб айтганда, Бразилия бундай йирик спорт тадбирига ҳар томонлама тайёр эмас эди ва “Рио-2016” ўйинлари буни яққол кўрсатиб берди. ХОҚ раҳбарлари ҳам бундан кейинги Олимпиада мезбонларини аниқлашда “Бразилияда олинган дарс”дан керакли хулоса чиқаради, деган фикрдамиз.