...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бозори чаққонлашган “учарлар” ёхуд Чорвоқдаги ноқонуний дачалар


09:28, 14.07.2018 Жамият
 12 546

“Ўзбекистон 24” телеканалида Чорвоқдаги ноқонуний қурилмалар танқид қилинди.

Кеча, 12 июль куни “Ўзбекистон 24” телеканалида Чорвоқдаги ноқонуний қурилмалар билан боғлиқ лавҳа намойиш этилди.
 
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Чирчиқ дарёси Чотқол ва Угом тоғ тизмалари орасида қурилган Чорвоқ сув омборидан бошланади. Туристик имкониятлари кенг Чорвоқ шаҳарчаси ҳудуди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 декабрдаги фармони билан “Чорвоқ” эркин туристик зонасига айлантирилди. Лавҳа давомида кузатув ва ўрганишлар ҳали бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар талай экани алоҳида таъкидланади.
 
Чирчиқ дарёси соҳилларидан олинган тасвирларни кўрган киши бири-биридан тартибсиз, ноқонуний қурилмалар босиб кетганига гувоҳ бўлади. “Тадбиркорлар” гўёки сув атрофини обод қиляпмиз, деган сохта фидойилик билан бу неъматдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда.
 
Бунга нима дейсиз?
 
Дала ҳовли тарзида қурилган мазкур уйларнинг аксарияти хат-ҳужжатсиз, ўта қиммат нархларда дам олувчиларга хизмат кўрсатаётгани ҳеч кимга сир эмас.Ваҳоланки, белгиланган меъёрларга кўра, сув билан иншоот оралиғида энг камида 20 метр муҳофаза ҳудуди бўлиши лозим. Сув сатҳининг ҳажмига қараб бу кўрсаткич катталашиб бораверади. Кўча бўйлаб юраркансиз, “Дам олиш жойи бор”, “Бассейн бор”, дея мижоз чорлаётган учарларга кўзингиз тушади. Шу кунларда уларнинг бозори анча чаққонлашган.
 
Сув устига қурилган шийпонлардан жой олиш амримаҳол. Уларнинг аксарияти шаҳардаги “пулдорлар”нинг бизнес манбаси ҳисобланади. Лекин мазкур ҳолатни тартибга солиш учун мутасадди ташкилотларнинг масъуллари ўзларини кўрмасликка олаётганликлари кишини ўйлантиради.
 
Бўстонлиқ туманининг “Бештут” кўчасида, соҳил атрофида жойлашган дала ҳовлиларда, якка тартибда қурилган уй-жойларда, ноқонуний қурилмаларда канализация тизимининг йўқлиги боис булардан чиқаётган ифлос оқава сувлар қувурлар орқали тўғридан-тўғри дарёга оқизилаяпти.
 
Лавҳада таъкидланганидек, бу ҳолат шу қадар хастпўшланганки, уни кўриш учун акваланг ёллаш зарур. Оқава сувлар дарёнинг пастки ўзанидан оқиб чиққани учун уларни бир қарашда пайқаш жудаям қийин. Ушбу лавҳада ҳашаматли саройлар ўз-ўзидан пайдо бўлмагани такрор-такрор айтилади. Наҳотки дарё ёқасида шунча ноқонуний қурилма барпо этилса-ю, мутасаддилар бундан бехабар қолган бўлса?!
 
Қонунчиликка кўра, сув бўйида кафе, ресторан, дам олиш чойхоналари ёки бошқа турдаги объектларни қуришнинг ўз меъёрлари бор. Дарё ёки каналларга туташ жойларда иншоотларни қуриш мумкин эмас. Шу жиҳатдан сув бўйида қасрмонанд иншоотларни барпо этганлар “бу жой менинг мулким” дея, даъво қилишдан аввал амалдаги қонунларни бир варақлаб қўйишса, мақсадга мувофиқ бўларди.
 
Чорвоқ шаҳарчаси “Бештут” маҳалла фуқаролар йиғинида нафақат дарё бўйини ўзбошимчалик билан ўзлаштириш урф бўлган, балки катта автомобиль қатнови йўли атрофида ҳам ноқонуний қурилмалар қуриш авж олган. Меъёрларга асосан аҳоли яшаш манзиллари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари автомобиль магистралидан камида 50 метр масофада қурилиши белгиланган. Афсуски, Чорвоқ шаҳарчасининг маҳаллаларида бу тартиб буткул унутилган. Автомобиль йўлининг шундоққина ёнида, уч қадам ҳам чиқмайдиган масофада ҳашаматли дала-ҳовлилар қад кўтарган.
 
Туристик зонанинг асосий талабларидан бири йўл инфратузилмасининг мукаммаллигидадир. Яъни қатнов йўлларида сайёҳларнинг хавфсизлиги, уларнинг бехатар ҳаракатланиши таъминланиши, стандарт талабларига мос бўлиши керак. Чорвоқда эса бу масала назардан четда қолган. Йўл ва қурилажак уй орасидаги масофа ўлчаб ҳам ўтирилмай берилаверган. Оқибатда эса бугун баъзи бир тушунмовчиликлар юз беряпти.
 
Аҳолининг хавфсизлиги юзасидан бу ҳудудда истиқомат қилувчиларга бошқа жойлардан ер ажратилмоқда, ноқонуний қурилмалар бартараф этилмоқда.
 
Тасвирдаги ҳудуд мутасаддиларнинг мутлақо эътибордан четда қолганини ҳатто симёғочлар ҳам тасдиқлайди. Ўзибўларчилик шу даражага етганки, ёнидан қуш учиб ўтса, кабобга айланадиган электр қуввати мавжуд симёғочнинг шундоқ тагида юзлаб хонадонлар қурилган ва уларда одамлар истиқомат қиляпти. Ваҳоланки, меъёрларга кўра, бу каби катта кучланишга эга симёғочлар ўрнатилган ҳудудларда аҳоли яшаши уларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳеч бир мезонга тўғри келмайди.
 
Бир сўз билан айтганда, мутасаддилар дўппини бошдан олиб, Чорвоқ туристик зонасида зудлик билан ҳал этиши лозим бўлган масалалар талайгина. Бу муаммоларга ўз вақтида ечим топилмас экан, истиқболда катта натижалар кутилаётган ҳудуд ободлигига эришиш сўроқ остида қолаверади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Дача Чорвоқ Бўстонлиқ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар