Энг яхши ходимларингиз иш жойини бирин-кетин тарк этишаяптими, демак бу маълумотлар айнан сиз учун.
Албатта, иш бор жойда камчиликлар бўлади. Бошлиқлар орасида иш жойидаги хатолар ва йўқотишларни, гарчи алоқалари бўлмасада, қўл остидаги ишчиларидан кўрадиганлари учрайди. Аслини олганда эса, ходимлар иш жойи ёқмагани учун ишдан кетишмайди, улар бошлиқ ёқмагани учун кетишга мажбур бўлишади.
Иш жойини шунчаки ёқмагани учун ташлаб кетувчи ходимларга ё пул керак эмас ёки ўзларини бошқа соҳада синаб кўришмоқчи...
Бироқ корхона ва ташкилотлар, умуман бирор иш йўлга қўйилган ҳар қандай жойда керакли ходимларни сақлаб қолишнинг бир қатор йўллари бор. Бу усулларни қўллашда ҳар бир раҳбар аввало ўзига талаб қўйиши керак, холос.
1. Иш билан ўта банд қилиш...
Кам вақт ичида бир эмас, бир неча юмушларни бажаришига тўғри келадиган ходимлар, одатда асабий бўлиб қолишади. Агар сизнинг қўлингизда тажрибали ва ўта ақлли ходим бўлсаю, ундан максимал даражада фойдаланиш учун ҳаддан зиёд кўп вазифа юклаган бўлсангиз, билингки, бу иш бермайди. Бундай ходимлар бора-бора сизга ўзлари билган нарсалар ҳақида камроқ гапирадиган, қўлларидан келадиган бошқа имкониятлари ҳақида эса умуман сўз очмайдиган бўлиб қолишади. Сабаби, улар ўзларини ишчанликлари ва уддабуронликлари учун жазоланаётгандек ҳис этишади. Бундан ташқари, бир неча ишни бирваракайига қилиш ишнинг сифат даражасига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Стэнфорд университети берган сўнгги маълумотларга кўра, ҳафта давомида 50 соатдан кўп вақт мобайнида ишлаган ходимнинг ишида салбий ўзгаришлар пайдо бўла бошлайди. 55 ва ундан ортиқ соат давомида ишлаганда эса, қилинган иш кўпинча, ҳеч қандай натижа бермайди.
Истеъдодли ходимларингизга қийин ва кўп вақт талаб қиладиган бирор юмушни юклашга мажбурмисиз, у ҳолда уларнинг лавозими ёки даражасини кўтаринг. Агар бу ишни амалга оширмасангиз, мураккаб иш жараёни уларни зериктиришни бошлайди, сўнгига бориб эса улар шунчаки, ишдан кетишади. Ходимга мураккаб вазифани юклатишда у сарф этадиган ақлий ва жисмоний меҳнатидан нолимаслиги учун маблағ билан рағбатлантириш, лавозимини кўтариш ёки лавозимини бошқа лавозим билан алмаштириш йўллари ҳам бор. Бу ходимлар белгиланган ойлик маоши эвазига бошқалардан кўпроқ ишлай олади, деб ўйламанг. Аксинча, улар меҳнатини қадрлайдиган раҳбарлар билан ишлашни истаб ишдан кета бошлашади.
2. Ходимларнинг яхши ишини тан олмаслик ёки рағбатлантирмаслик
Бир қарашда инсонни яхши иши учун елкасига қоқиб, мақтаб қўйиш арзимас бир ишдек туюлиши мумкин, аммо ходимга у қилган яхши иш учун айтилган ҳар бир сўзнинг аҳамияти катта. Бошлиқларнинг ўз ишчиларини қандай қилиб рағбатлантиришни билмаслик ҳолати деярли ҳар бир ташкилотда учрайди. Мутахассисларнинг фикрича, буни ходимнинг ўзидан сўраб билган маъқул. Сиз айтган ишни ортиғи билан бажаргач, у рағбанлантирилиши керак, шундай эмасми? Одатда, бошлиқлар ходимни рағбатлантириш учун унга пул, совға, лавозимдаги кўтарилишдан кўра, уни бошқа ҳамкасблар олдида мақташни ва ундан ҳамма ўрнак олиши кераклигини айтиш билан кифояланишади. Бу ҳам рағбатнинг яхши бир усули, аммо истеъдодли ходимлар ой-йилда эмас, деярли ҳар куни бирор иши билан сизни ҳайратга солиши мумкин. Шундай экан, ҳар сафар қуруқ мақтов билан чегараланмасдан, рағбатнинг бошқа усулларини ҳам қўллаш керак.
3. Ходимларга раҳбар эмас, инсон сифатида меҳр бера олиш ва тушуна билиш хусусиятининг йўқлиги
Статистик маълумотларга кўра, ишини қисқа муддатда тарк этувчи ходимларнинг 50 фоизи раҳбарнинг ишончини қозона олмаганликларини сабаб қилиб кўрсатишар экан. Ақлли раҳбарлар профессионаллик билан бирга инсонийлик тушунчаларини уйғунлаштира олади. Бундай раҳбарлар ходимига меҳр кўрсатади, унинг ҳаёти билан қизиқади, қийин вазиятларда ёрдамини аямайди, муваффақиятларини биргаликда нишонлайди.
Қўл остингиздаги ходим сизга керакли экани ва ҳар қандай вазиятда сизга кўнглидагиларни айта олиши мумкинлигини, сиз уни тушунишингизни билади.
4. Раҳбар сифатидаги вазифаларнинг бажарилмаслиги
Ходимларга яхши иш учун жавобан уни бир сўз билан хурсанд қилишингиз ҳам, хафа қилишингиз ҳам мумкин. Агар унга юклатилган вазифа учун мукофот ваъда қилган бўлсангиз, ваъдангизнинг устидан чиқишингиз лозим. Бордию, ваъдангизни бажаришдан бош тортсангиз, ходимингиз учун сизданда паст назарли инсон бўлмайди ва у сиз билан ишлагандан кўра, бошқа ташкилотда ишлашни афзал билиши муқаррар. Бундан ташқари бошлиқнинг ваъдасида турмаслиги, қиламан деб айтган ишини бажармаслиги ходимларга ҳам “юқиши” мумкин.
5. Янги ишчиларни олиш, иш фаолиятингизга мос келмайдиган ишчиларни ёллаш ва уларга йўналиш бериш...
Албатта, ишчан ва меҳнатсевар инсонлар ўз олдиларида ҳам айнан мана шу фазилатларга эга бўлган инсонлар бўлишини исташади. Бу борада раҳбарнинг иш жойидаги ходимларни янгилаб туриши катта аҳамиятга эга. Янги ходимлар бу янги йўналиш ва янги ғоя демакдир. Ишчилари янгиланмайдиган корхона, ташкилотдаги ходимлар тор доирада фикр юритишга ўрганиб қолишлари ҳам мумкин. Бунда эски, аммо истеъдодли ишчилардан қутулиш эмас, маълум сабабларга кўра ўз жойини тарк этган ходимлар ўрнига бошқа истеъдодларни жалб қилиш назарда тутилади. Баъзан бошқа йўналишда, бошқа соҳада таҳсил олган ходимларнинг билимлари ва ғоялари шу соҳа вакиллариникиданда ўткир бўлиши мумкин. Ўз ўрнида улар сиз юклаётган ишга бошқача кўз билан қарашади. Демакки,унинг амалга оширилиши ҳам ўзгача услубда кечади. Бундай ходимларга раҳбар сифатида йўл кўрсата билишингиз лозим бўлади.
6. Тўсиқлар, тинимсиз ҳаракат ва орзу сари йўл ҳақида...
Истеъдод эгаси деб аталадиган инсонлар одатда ўз ишининг устаси бўлишади. Улардан айни соҳа ҳақида нимани сўраманг, ипидан игнасигача эринмай тушунтириб беришлари мумкин. Бир сўз билан айтганда, улар нима қилаётганини биладиган инсонлардир. Албатта, бошқалар қатори уларда ҳам бирор нарсага бўлган интилиш, режа, орзу бор. Ишини яхши кўрган ва ўз ишидан роҳат қиладиган инсонлар ишлайдиган ташкилот “гуллайди”. Афсуски, раҳбарлар орасида ходимларини ҳар нарсадан чегаралашга уринадиганлар жуда кўпчиликни ташкил қилар экан. Улар ходимларга бериладиган эркинлик ва имкониятлар кўпайиб кетса, иш унуми сусаяди, деб фикрловчилардир. Тадқиқотлар раҳбарлар орасида учрайдиган бу қўрқув асоссиз эканини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, ўз ишига бўлган меҳр ва унинг кетидан келадиган даромад эвазига бирор нарсага эришиш орзуси иш унумини 5 баробарга кўпайтириши мумкин экан.
7. Ходимларга у ёки бу нарсани ўргатилмаса...
“Ходимларингизга етарлича эътибор бермаяпсиз”, деган айбловга нисбатан аксарият раҳбарлар “Мен уларга ишонаман, иш эркин тарзда йўлга қўйилган” каби баҳоналарни кўрсатишади. Бу сафсата. Ходимнинг истеъдоди бор ёки йўқлигидан қатъи назар, раҳбар уни бошқариши, бошқара билиши керак. Улар барча ходимларнинг фикрини эшита билишлари ва ҳар бирининг фикри юзасидан ўз хулосасини айта олиши шарт.
Ходимларни бошқариш жараёнининг сўнгги нуқтаси мавжуд эмас. Агар қўл остингизда истеъдодли ходимлар ишлаётган бўлса, уларни ўз истеъдоди ва қизиқишига кўра йўналишлар томон йўналтириш керак. Кимдир ҳисоб-китобни яхши қила олмайди, аммо шартнома тузишда тенгсиз бўлади. Бошқаси эса камгап, 10 та саволга битта жавоб қайтарадиган ходим бўлиши, аммо ўз ишини муддатидан аввал, ўрнида қилиб қўя олиши мумкин. Шунга кўра, уларни йўналтириб туриш бошлиқнинг вазифаси.
Тадқиқотлар истеъдодли ходимларнинг одатда улар амалга оширган меҳнатни қадрлайдиганлар орасида бўлишни ёқтиришларини кўрсатади. Дунёда сизу-биз биладиган кўплаб йирик компаниялар, ташкилотлар ана шу қоидаларга амал қилгани учун ҳам ҳозирда уларнинг раҳбарлари миллиардерлар қаторида турибди.
8. Ишга ижодий ёндашувга қаршилик қилиш...
Яхши ходимлар уларга юклатилган вазифани ортиғи билан қилишга ва амалга оширилаётган вазифага янгича ёндашув билан қарашга, янгилик киритишга ҳаракат қилишади. Агар ишга ижодий ёндашишларига қаршилик қилинса, бу биринчи навбатда бошлиққа зиён келтиради. Янгиликка асосланмаган, янгилик киритилмаган ҳар қандай иш бир вақт келиб одамларнинг жонига тегади ва ташкилот банкрот ҳолатига ҳам келиб қолиши ҳеч гап эмас.
9. Қийин аммо қизиқарли вазифаларнинг йўқлиги
Бизнесда истеъдод сўзи нафақат ходимлар, балки раҳбарлар орасида ҳам кўп қўлланилади. Ана шундай бошлиқлар одатда ходимларига бир қарашда уддалашнинг имкони бўлмаган вазифани топширишади. Шу йўл билан улар ходимларини зерикарли вазифалар билан банд бўлиб қолган жойларидан силжитиб, ходимнинг юклатилган ишни ўз вақтида, сифатли бажариши ва муваффақиятга эришиши учун бор кучларини бериб кўмаклашишади. Истеъдодли ходимларнинг ўта оддий ва зерикарли вазифаларни бажариши ёки шундай жойда ишлаши кўп ўтмай уларнинг ҳамиятига тега бошлайди ва улар истеъдодларини намойиш эта оладиган ташклотга ишга киришга интилишади.
Хулоса
Агар сиз раҳбар бўлсангиз, қўл остингиздаги яхши, истеъдодли ходимларни ўз иш ўринларида сақлаб қолишни истасангиз, уларга бўлган муносабатингиз, яратилган шароитларни яна бир бор назардан ўтказишингизни маслаҳат берардик. Истеъдод ҳар қандай ҳолатда сизга кўплаб имкониятлар эшигини очади. Шу билан бирга истеъдодли ходимларда иш жойини, раҳбарни танлаш имконияти ҳамиша мавжуд. Шундай қилингки, улар сизни танлашсин.