Олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев ўз фикрларини билдириб ўтди.
Аэропортда Остонадаги мусобақада ягона олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Мусобақада кучли рақибларга қарши тўқнаш келдик. У ерда тажриба орттирдик. Бу катта мусобақаларга тайёргарлик йўлида яхшигина тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Остонада кутилган ва кутилмаган рақиблар бўлди. Шунга қарамай, мураббийларимиз кўрсатмаларини тўғри бажарган ҳолда, муносиб иштирок эта олдик.
Ортда қолган иккита турнир Осиё ўйинлари олдидан муҳим аҳамиятга эга эди. Умуман олганда, мусобақалар биз учун ёмон кечмади. Ҳакамлар? Қозоғистондаги мусобақа давомида ҳакамлик бўйича бироз муаммолар бўлди. Шахсан мен учун финал жанги қийин ўтди”, деди Бектемир Мелиқўзиев.
Эслатиб ўтамиз, мусобақада Бектемир Мелиқўзиев олтин, Шунқор Абдурасулов ва Иқболжон Холдоров кумуш, Шахобиддин Зоиров, Алиёр Норалиев, Маҳмуд Ғоипов ва Исроил Мадримовлар бронза медали соҳибига айланди.