Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов олимпиадачиларимизнинг ғалабасидан қувонди, тўйни тўёнасиз қўймади. Бироқ кўзларни ёшлатиб кетди.
Халқимиз бошига тушган оғир мусибат Олимпиада совриндорларининг кайфиятига ҳам таъсир ўтказди.
Бектемир Мелиқўзиев, бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, II ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, катталар ўртасида Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинлари совриндори:
— Президентимизнинг биз, ёшларга кўрсатган улкан эътибор ва ғамхўрлиги, билдирган юксак ишончини ҳеч қачон унутмаймиз. Биз бу ишончни доим оқлашга, яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда ўз салоҳиятимизни намоён этиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилаверамиз.
Мени ва тенгқурларимни Президентимиз асос солган уч босқичли узлуксиз спорт мусобақалари тарбиялади, истеъдодимизни юзага чиқарди. Спортдаги фаолиятимизда юксак натижаларга эришишимизда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. 2015 йили Конституция байрами арафасида бўлиб ўтган бир гуруҳ юртдошларимизга Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросимда Президентимиз мени бағрига босиб, “Сен Бразилияда бўладиган Олимпия ўйинларида чемпион бўлишинг керак!” дея юксак ишонч билдирган эди.
Бразилияда ўтган Олимпиадада кумуш медални қўлга киритган бўлсам-да, Президентимиз бу ютуғимни юксак баҳолади. Мен Президентимизнинг 2016 йил 24 августдаги фармонига биноан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирландим.
Президентимиз Ислом Каримовнинг оталарча меҳри ва ғамхўрлигини ҳеч қачон унутмаймиз.