...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бангкокдаги савдо марказида ҳайвонлар терисидан фойдаланишга қарши даҳшатли акция ўтказилди


10:46, 12.05.2016 Олам
 4 643

Сумка, ҳамён, қўлқоп, куртка, оёқ кийимини харид қилишни истаганлар уларнинг ичидан даҳшатли “топилма”ларга дуч келишди.

Бангкокдаги савдо марказларининг бирида кийим-кечак ишлаб чиқаришда ҳайвонларнинг терисидан фойдаланишга қарши катта акция бўлиб ўтди. Аслида ўтган асрнинг 80-йилларидан буён ҳайвонлар териси ва мўйнасидан фойдаланиш учун уларни қиришга қарши юзлаб компаниялар чиқиш қилишган.
 
Улар ичида бугунги кунгача ҳам ўз фаолиятини тўхтатмай, ҳалигача бу даҳшатли жараёнга қаршилик қилиб келаётган ташкилот – бу РЕТАдир. Осиёдаги РЕТА (People for the Ethical Treatment of Animals – “Инсонлар ҳайвонлар билан аҳлоқий муомалада бўлиш сари”) компаниясининг кичик бўлаги бўлган ушбу дўконга ўзи ёки совға учун ҳайвон терисидан қилинган сумка, ҳамён, куртка, пойабзал  сотиб олгани келган харидорлар бежирим буюмлар ҳақидаги қўрқинчли, бироқ аччиқ ҳақиқатни ўз кўзлари билан кўришга мажбур бўлишди. Асосий мақсад ҳам шу эди.
 
Сумка ёки ҳамённи қўлига олиб, унинг ташқи сиртини синчковлик билан кузатаётган аёллар унинг ичини очиб, сумка тайёрлаш учун териси шилинган жонзотнинг уриб турган юрагини кўришди. Куртка харид қилиш истагидаги эркак ҳам унинг олдидаги тақимни очганида тимсоҳнинг қовурғаси, қонга беланган ички органлари ва уриб турган юрагини кўриб, даҳшатга тушди. Илон терисидан тайёрланган оёқ кийимини кийиб кўрган аёлнинг эса оёғи қонга беланди.
 
Ушбу акция видеотасвирга олинган ва у айни дамда интернет тармоғи орқали тарқалмоқда. Бу даҳшатли акцияни ўтказишдан мақсад – териси, юнги, суяги, тирноқларидан либослар тикишда фойдаланиш учун ҳайвонларни қиришга қаршилик кўрсатишдир.
 
Ҳозирда дунёнинг кўплаб машҳур инсонлари ҳайвон териси ва юнгидан тайёрланган либосларни кийишдан воз кечишган. Дунё миқёсида энг сифатли ва қимматбаҳо либослар ишлаб чиқарувчи дизайнер Жоржио Армани ўзининг либослар тўпламида мўйнадан фойдаланишдан воз кечгани ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик.
 
Италиялик дизайнер Элизабетта Франчи 2011 йилдан буён ҳайвонлар териси ва мўйнасидан фойдаланмайди. Ўтган йилдан бери у ғоз патларидан фойдаланишдан ҳам воз кечди.
 
Форесто Барги томонидан 1914 йил асос солинган оддий эркаклар либослари бўйича модалар ательеси ҳозирда Save the Duck номи билан машҳур ва у куртка, юпқа камзуллар тикишда фойдаланиладиган чарм ўрнини босувчи матоларни ишлаб чиқариш бўйича биринчилардан саналади. Ушбу матолар таркибида пат, чарм, мўйна кабилар ишлатилмайди.
 
РЕТА компаниясининг кийим-кечак ишлаб чиқаришда ҳайвон териси ва мўйнасидан фойдаланишга чек қўйиш борасидаги ташвиқотларида қатор Голливуд юлдузлари ҳам қатнашишган. Компаниянинг рекламаларида иштирок этиш баробарида, улар ҳам ҳайвонлар терисидан тайёрланган кийим-кечакларни кийишдан воз кечишган. Улар орасида Шарлиз Терон, Леди Гага, Памела Андерсон, Ева Мендес, Хлое Кардашьян, Натали Имбрулья, Кристина Агилера, Пинк, Кристина Риччи, Пенелопа Крус каби таниқли юлдузлар ҳам бор.
Умида Якубова

Теглар:Бангкок акция ҳайвонлар терисидан 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Фарход
02:57 14.05.2016

Bunaqa akciyalardan ko'proq o'tkazib turish kerak, inson o'zi qilgan vaxshiyliklarini ko'rib qo'yishi uchun!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!