2 дақиқа ичида булутлар устида кетаётган мавжудотни кузатиш имкони борлигидан фойдаланиб, Ник уни суратга олди...
30 ёшли Ирландиялик Ник О’Донахью дастурий таъминот билан шуғулланувчи ташкилотда менежер бўлиб ишлайди. 2016 йилнинг 31 мартида у Австриядан Лондонга самолётда учиб келаётган эди. Хаёллар оғушида самолёт ойнасидан атрофдаги булутларни томоша қилиб кетаётган Ник кутилмаганда булутлар устида инсон соясини кўргандек бўлди. Кўзларига ишонмай, сояни кўрган жойига қайта қаради. Ердан 10.000 метр баландликдаги булутлар устида у юриб кетаётган мавжудотни кўрди ва уни уяли алоқа телефони ёрдамида суратга олишга шошилди.
Суратдаги мавжудотнинг ташқи кўриниши одамдан кўра, кўпроқ роботни эслатади, шундай эмасми? Агар сурат катталаштирилса, булутлар устидаги мавжудот “Пўлат гигант” мультфильми қаҳрамонини эслатади.
О’Донахью ўзи гувоҳ бўлган ҳолатни қуйидагича тасвирлайди:
“Уйга қайтаётгандим. Ёнимдаги қаторда талабалар ўтиришарди, улар худди тентаклар каби бўлмағур гапларни гаплашишарди. Булутларни қараб кетаётиб, кутилмаганда булутлар устида кетаётган мавжудотни кўриб қолдим. Унинг кўриниши худди одамникига ёки роботникига ўхшарди. Мен ёнимда ўтирган аёлга иллюминатордан булутлар томон қарашини айтдим. Аёл ҳам худди мен кўрган нарсани кўрди ва ҳайратдан ёқа ушлади. Шундан сўнг самолёт булутлар ичига кирди ва сирли мавжудот ортда қолиб кетди. Биз 2 дақиқа ичида уни кузатишга ҳаракат қилдик. Шу вақт ичида уни бир неча бор суратга олишга улгурдим. Идтимоий тармоққа суратларни жойлаганимда, кўпчилик мен кўрган нарсанинг бир-бирига зичлашган булутлар эканини айтди. Бироқ ўз кўзим билан кўрганим булут эмаслигига ишончим комил. Ахир, у ҳаракатланаётгандек эди...”
Ҳозиргача ижтимоий тармоқларда булутлар устидаги ғаройиб мавжудот ҳақида турли баҳс-мунозаралар кетмоқда. Фойдаланувчилар унинг робот эканлиги борасидаги фикрни инкор этишмоқда. Чунки ҳақиқатан ҳам робот инсон қўли билан яратилади ва унинг космосда пайдо бўлиши ақл бовар қилмайдиган ҳолат.
Интернет фойдаланувчилари орасида булутлар орасидаги бу мавжудотни Россиядаги автомобиллар шиналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Michelin компанияси логотипига ўхшатганлар ҳам бўлди. Айтиш керакки, осмонда кўринган мавжудот ҳақиқатан ҳам компания логотипида акс эттирилган қаҳрамонга ўхшайди. Ранги ҳам айнан шундай.
Айрим интернет фойдаланувчилари эса булутлар устидаги мавжудот аслида пастдан тепага қараб йўналаётган тутун, дея таъкидлашди. Унинг ҳаракатланишини эса тутуннинг ҳаракатланишига йўйишмоқда.
Энг қизиғи, Ник О’Донахьюнинг “кашфиёти” билан уфологлар ҳам қизиқиб қолишган. Уфолог Скотт Уоринг номаълум учар жисмлар бўйича мутахассислардан бири. У булутлар устида кетаётган мавжудотнинг суратини катталаштирди ва унинг устида бир қатор текширувларни ўтказди. Дастлаб у булутлар устидаги шаклни парланган буғ, дея тахмин қилди. Сўнгра катталаштирилган суратнинг юз қисмини янада аниқроқ кўриш учун яқинлаштирди. Уорингнинг фикрича, бу ўзга сайёралик мавжудот бўлиши ҳам мумкин. Чунки улар исталган вақтда исталган жойда пайдо бўлиши ва турли шаклларга кириши мумкин. Айни дамда текширувлар ва тадқиқот ишлари давом эттирилмоқда.