Аттракционнинг носозлиги учун истироҳат боғи маъмурияти жавоб бермайди.
Баҳромнинг яқинлари берган маълумотга кўра, у фойдаланган занжирли “Панда” номли аттракционнинг хавфсизлик камари носоз бўлган ва у аттракциондан йиқилиб, оғир тан жароҳати олган.
Кеча, 22 сентябрь куни таҳририятимиз Баҳромнинг онаси билан боғланганида, онахон шифокорлар унга яхши қараётгани айтиб, ўз миннатдорлигини билдирган эди.
Бироқ истироҳат боғи маъмурияти Баҳромнинг ҳолидан хабар олмагани ва уларнинг бу воқеага алоқаси йўқлигини айтаётгани ҳақида сўзлаган эди.
22 сентябрь куни ҳокимнинг топшириғи билан Навоий шаҳридаги истироҳат боғининг раҳбари Жумамурод Каримов қўнғироқ қилди...
Боғ раҳбарининг фикри қуйидагича: “...16 сентябрь куни кечки 21:20 ларда Баҳром ва унинг икки нафар дўсти боққа келган. Аттракцион оператори учмоқчи бўлганларга хавфсизлик юзасидан тавсиялар бериб, “Ўрниларингдан турманглар, яхши ўтиринглар” деб қурилмада учиришни бошлаган.
Йигитлар ўтирган жойларида айлана бошлаган, аттракцион оператори “айланманглар, тўғри ўтиринглар” дея танбеҳ берган. Баҳром эса селфи қиламан деган важ билан телефон аппаратини олмоқчи бўлиб, ўрнидан турмоқчи бўлган.
Буни кўрган оператор тобора тезлашиб бораётган аттракционни ўчириш учун югурган, лекин улгурмаган!
Жабрланувчи томон хавфсизлик камари узилиб кетди, демоқда... Лекин бу камар узилмайди!
Биз ушбу аттракционни 2017 йил 23 апрелда “Сантехнадзор” назоратидан ўтказганмиз, улар рухсат берган ва 2018 йил 4 февралга қадар фойдаланиш учун рухсат берган.
Боғдаги 15 та аттракциондан 11 тасидан фойдаланиш учун рухсат берилган. Шуларни ишлатяпмиз...
Баҳром келгунича 12 та одам аттракциондан фойдаланган. Ҳеч қандай ҳолат бўлмаган. Аттракцион 5 йилдан бери ишлайди, бирор марта бунақа ҳолат бўлмаган.
Хавфсизлик камари узилди, дейишгани учун барча тафсилотларни сўраб ўргандим, оператор ва терговчи билан бу борада суҳбатлашдим.
Ўша куни (Баҳромнинг) оёғидан қон кетди, дейишди. Маълум бўлишича, хавфсизлик камари Баҳромнинг оёғини боғлаш учун, воқеа содир бўлгандан кейинроқ ечилган, шошилинчда бошқа ип-бинт топилмагани учун ўша “ремень” ечиб олинган.
Воқеа жойида ёнғин хавфсизлиги ходимлари бўлган, қонни тўхтатиш учун ўша камардан фойдаланилган. Жароҳат олган йигит шифохонага олиб кетилганидан кейин ўша қўшимча хавфсизлик камари ўз жойига боғлаб қўйилган.
Бу ҳолатни атрофдагилар ҳам, бош муҳандис ҳам кўрган. Боғ муҳандиси Баҳромни арғимчоқда ўтириб эмас, туриб учаётганини кўрган. Югуриб келгунича йигит йиқилиб тушганг. Боргап шу!”
Боғ раҳбари, бундан ташқари, Баҳромнинг дўстлари воқеага биз кўриб-билган далиларимиз борасида гувоҳлик бермаётганини билдирди.
Истироҳат боғининг раҳбари Жумамурод Каримовнинг айтишича, боғ раҳбарининг ўринбосари Баҳром Якубов ётган шифохонага биринчи куннинг ўзидаёқ хабар олгани борган.
Яна маълум қилинишича, Жумамурод Каримовнинг ўзи ҳам Баҳромнинг онаси билан гаплашган. Қўлидан келганича ёрдам беришини айтиб ўтган. Ушбу боғда бу каби ҳолатлар шу вақтгача кузатилмаганини таъкидлаган.
Азиз мухлислар, юқорида келтирилган фикрлар (буни ўзингиз аудиосуҳбатдан ҳам билиб оласиз) тарозининг бир палласига қўйилган важ-далиллар. Унинг иккинчи палласига қўйилган, айнан жабрланувчи томондан янграган важ-далиллар ҳам бир қанча. Биз олдинроқ бу ҳақда фикрлар билдирган эдик.
Шу ўринда савол туғилади... Бахтсиз ходиса айни ҳақиқатда қандай манзара касб этган эди? Истеъдодли актёр Баҳром Якубов, агар боғ маъмурияти таъкидлаганидек, аттракцион операторининг огоҳлантиришларига ҳам эътибор бермай хавфсизлик қоидаларини қўпол равишда бузган бўлса, бахтсиз ҳодисада унинг ҳам айби бор.
Бироқ бу нарсалар боғ маъмурияти томонидан “моҳирона тўқиб чиқарилаётган” бўлса, манзара тамомила бошқача тус олади.
Бу масалага мутасадди ташкилотларнинг тергов ҳаракатлари аниқлик киритади, деган умиддамиз.
Муҳими, бахтсиз ҳодиса ўлим билан якун топмади. Баҳром Якубов тез орада соғайиб кетишини тилаб қоламиз.