Болаларнинг отаси эгизакларни бўғиб, уларнинг жасадларини матога ўраган ва кераксиз буюмдек сумкага солиб қўйган...
Жиноят жойидан олинган видеолавҳа Қозоғистон ОАВларидан бири бўлган таҳририятга келиб тушди. Ана шу эксклюзив видео ва фотосуратларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мазкур қотилликни фош этишда малакали терговчилар иштирок этишди. Улар музлатгичдан гўдакларни топишганида, уларнинг ота-онасининг шахсини, шунингдек, яна бир тўнғич фарзанди борлигини ҳам аниқлашди.
Шу куни кечаси “Самал” микрорайонидан оиланинг тўнғич фарзанди топилди. Очиққан ва қўрқувдан дийдираган болакай шифохонага олиб кетилди.
Гўдакларнинг жасадлари топилган кундан бир кун ўтгачгина хонадоннинг бекаси — Алла Волченко қаердалиги аниқланди. У билан бирга ўзбекистонлик фуқаро ҳам бўлган.
Бир неча кун давомида кетма-кет ичкилик ичган ота-она ўз ақл-хушида бўлишмаган. 34 ёшли Алла Волченко тўнғич фарзандини ҳатто қаерда йўқотиб қўйганлигини ҳам эслай олмаган.
“...Шахсан мен ҳеч нарсани эслай олмайман. Мен жуда маст эдим. Орада уйғондим, кейин эса яна ухладим”, дейди Алла Волченко.
Ширакайф ҳолатдан қўлга олинган аёл ва эркак ўз айбларига иқрор бўлишган. 29 ёшли Эмил Гилмутдинов болаларнинг доимий бақириқлари “жонига текканини” айтган.
“...Мен жуда чарчаган эдим. Жисмоний жиҳатдан жуда чарчагандим. Доимий равишда тўйиб ухламасдим. Буларнинг ҳаммаси таъсир қилди”, дейди болаларнинг отаси Эмил Гилмутдинов.
Сўроқ вақтида Эмил Гилмутдинов ўша вақтда рўй берган воқеалар ҳақида совуққонлик билан сўзлаб берган. Аёл тўнғич фарзанди билан сайрга чиқиб кетишганида болаларнинг отаси эгизакларни бўғиб, уларнинг жасадларини матога ўраган ва кераксиз буюмдек сумкага солиб қўйган.
Аёл келганида эса улар хотиржамлик билан спиртли ичимлик ичишни қолган жойидан давом этишган...
Бир неча кундан кейин уйдан бадбўй ҳид тарала бошлаган. Шу сабаб улар турар-жойларини ўзгартиришга қарор қилишган.
Янги уйга кўчишганида ҳам жасадларнинг ҳидидан ҳалос бўлишнинг имкони бўлмаган. Шу тариқа улар яна ижара учун янги уй излашга тушишган. Улар шу куни яна бошқа уйни ижарага олишади. Болалар жасадлари бўлган сумкани эса музлатгичга жойлаштиришган ва унинг эшигини деворга қаратган ҳолда тиркаб қўйишган.
Бу вақтда уларнинг “тинч яшаши” учун яна бир фарзандлари ҳалақит берган. Шунда аёл 2 ёшли болани олиб, “Самал” микрорайонига боради ва ўша ердаги кўп қаватли уйлар олдида фарзандини ташлаб, кетиб қолади.
Қотил ота-онанинг адвокатлари ҳар кун болаларга ғамхўрлик қилишдек сурункали чарчоқ ва уларни вояга етказиш учун пул етишмовчилиги — жиноят этиш учун сабаб бўлганлигини айтишган.
Маълумотларга қараганда, болаларнинг ота-онаси кафеда ишлашган ва яхши маош олишган.
Аввалроқ, гўдакларнинг жасадини уларнинг бобоси, яъни Эмил Гилмутдиновнинг отаси Саловат Гильмутдинов дафн этиш учун Ўзбекистонга олиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.