
Гарчи олийгоҳнинг ёпилишига нима сабаб бўлгани айтилмаган бўлсада, бунга Туркия ҳукуматининг дунёдаги бир қатор давлатларни Фатҳуллоҳ Гуленга алоқадор таълим муассасаларини ёпишга чақираётгани тахмин сифатида кўрсатилмоқда.
Олийгоҳ талабалари мамлакатнинг бошқа университетларида таҳсил олишда давом этишади. Олий ўқув юртининг нима сабабдан ёпилгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Мазкур университетга бир йилда 200 киши ўқишга қабул қилинган.
Халқаро туркман-турк университетига 1993 йилда асос солинган ва 1994 йилдан фаолиятини бошлаган. 2013 йилда Туркманистон ва Туркия президентлари иштирокида олийгоҳнинг 3000 кишига мўлжалланган янги биноси фойдаланишга топширилган эди.
15 июль куни Туркияда бўлган давлатга қарши исёндан сўнг, мамлакат ҳукумати давлат тўнтаришида мухолифат аъзоси Фатҳуллоҳ Гуленнинг қўли борлигини таъкидлаб келмоқда. 2016 йилнинг май ойида Туркия ҳукумати Гулен бошчилигидаги “Хизмет” ҳаракатини террористик ташкилот деб эълон қилган эди.
Туркия раҳбариятининг таъкидлашича, “Хизмет” дунёнинг 150 мамлакатида деярли мингта ўқув марказларини маблағ билан таъминлайди. Уларда мактаб ўқувчилари олий ўқув юртларига кириш учун тайёрланади. Туркия кўплаб мамлакатларни Гуленга алоқадор таълим муассасаларини ёпишга чақирмоқда.