...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ashgabat–2017: Ўзбекистонлик спортчилардан фақат олтин кутамиз!


13:29, 25.09.2017 Спорт
 2 727

Бугун ўзбекистонлик спортчилар фақат олтин медаллар учун курашишлари керак бўлади, акс ҳолда...

Туркманистонда Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари давом этмоқда.
 
Аввалроқ, ўзбек миллий кураши вакиллари Ўзбекистон делегациясисига медаллар шодасини тақдим этишгани ҳақида хабар бергандик.
 
Эндиликда Ўзбекистон делегациясининг кеча, 24 сентябрь куни эришган натижалари билан таништириб ўтишни лозим топдик.
 
Демак, самбо бўйича вазни 68 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида ўзбекистонлик спортчи Сарбон Эрназаров мўғулистонлик Тседен Ракханжав, туркманистонлик Муҳаммад Кўссеков, сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида Бекмурод Мередовни мағлубиятга учратди ва олтин медалга сазовор бўлди. 90 килограммгача вазн тоифасида маҳоратли полвон Неъмат Ёқубовга эса тенг келадигани топилмади.
 
Самбо баҳсларида Раҳматжон Аҳмедов кумуш, Исломжон Азимов, Лутфилла Сайдаматов, Истам Қудратов, Нодира Гулова, Гулноза Зиёева ўз вазн тоифаларида бронза медалига сазовор бўлди.
 
Вазни 74 килограммгача бўлган эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов финал беллашувида эронлик Ҳусаин Чамазкоти Илёсни 12:6 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, 57 килограммгача вазн тоифасида Маҳмуджон Шавкатов қозоғистонлик Габит Толепбойни 6:2 ҳисобида енгди. Шу тариқа Бекзод ва Маҳмуджон терма жамоа ҳисобига навбатдаги олтин медалларни қўшиб қўйишди.
 
Оғир атлетика баҳсларида Иван Ефремов даст кўтаришда 190 килограммлик, силтаб кўтаришда эса 221 килограммлик штангани бўйсундирди ва якунда умумҳисобда 411 килограмм натижа кўрсатиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади.
 
Шунингдек Фарҳод Собиров 391 килограмм, Омадой Отақўзиев 231 килограмм натижа билан кумуш медални кўлга киритди. Яна бир оғир атлетикачи Долера Давронова бронза медаль билан тақдирланишди.
 
Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг ярим финалида Япония терма жамоасини мағлубиятга учратиб, финалда Эрон терма жамоасига қарши майдонга тушадиган бўлди.
 
Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси медаллар сифати бўйича 2-ўринни, медаллар сони бўйича эса 4-ўринни эгаллаб турибди. Умумжамоа ҳисобида ҳозирча 21 олтин, 28 кумуш, 57 бронза — жами 106 медаллар мавжуд бўлиб, мусобақа мезбони Туркманистон делагациясида 79 та олтин, 58 та кумуш, 69 та бронза — жами 206 та медал бор.
 
Ундан кейинги ўринда жойлашган хитойлик спортчилар 23-21-17 кўрсаткич билан 61 та медал тўплашган. 3-ўриндаги Эрон терма жамоаси 22-18-49 натижа билан 89 та медал жамғариб туришибди.
 
Ўзбекистондан бир ўрин пастда жойлашган Қозоғистон терма жамоаси спортчилари 20 та олтин 18 та кумуш ва 27 та бронза медалларга эга бўлишган. Бу эса Ўзбекистон делегацияси спортчилари бугунги беллашувларда фақат олтин медаллар олишга жиддий ҳаракат қилишлари кераклигини билдиради. Чунки Қозоғистон терма жамоаси олтин медаллар жамғариш бўйича Ўзбекистондан атиги битта медалга ортда боришмоқда.
 

 
Ўзбекистон терма жамоасига омадли юришлари давом этишини тилаб қоламиз.
 
Мусобақалар давом этади...
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Ashgabat–2017 Ўзбекистон терма жамоаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!