Ўзбекистон терма жамоаси медаллар сони бўйича 4-ўринни эгаллаб турибди. Ҳозирча 21 олтин, 28 кумуш, 57 бронза медаллари ҳисобда.
Олтита вазн тоифасида ўтказилган беллашувларда беш спортчи финалга чиқди ва рақибларини мағлуб этиб, чемпион унвонига сазовор бўлишди.
Қашқадарёлик Шуҳратжон Арслонов (-90кг вазн тоифасида) ва Илҳом Жўраев (-100кг) финалда мос равишда эронлик рақиблари Муқаддам Замоний ҳамда Некбин Мўжтабани доғда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди. Сурхондарё вакили Муҳсин Ҳисомиддинов (+100кг) ҳам эронлик полвон Рустами Камронга имкон бермади ва олтин медаль соҳибига айланди.
Қизлар мусобақасида финалга икки ўзбекистонлик спортчи етиб келди. Сурхондарёлик Гулнор Сулаймонова (-52кг) ҳал қилувчи беллашувда Ўйинлар мезбони туркманистонлик Сайёра Эрисова устидан ишончли ғалабани қўлга киритди ва ўз вазнида энг кучли эканини исботлади.
Хоразмлик Дилдора Шерметова (-57кг) таиландлик рақибаси Нарккарач Прапатҳипни финал учрашувида мағлуб этиб, олтин медаль билан тақдирланди.
Ўзбек миллий спорти бўйича ўтказилган баҳслар якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 9 та олтин ва битта бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Қолаверса, курашчилари бутун делегациясининг мусобақада муваффақиятли одимлашида катта ҳисса қўшишди. Зеро, айнан полвонларнинг зафарли юришидан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси пешқадамлар сафига қайтди.
Белбоғли кураш усталарининг навбатдаги баҳслари бел олишнинг эркин усулида ўтказилди. Фарғоналик Манзураой Мўйдинова (-55кг) тўрт марта гиламга кўтарилди ва ҳар гал рақибаларини таслим қилишга эришди. Финалда туркманистонлик Мержин Инатуллаевани мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.
Абдурасул Ҳабибуллаев (-60 кг), Элдор Неъматов (-80кг), Обидали Мавлонов (-90 кг), Шерзоджон Раҳимов (+100кг), шунингдек, Гулмира Исматова (-70кг) ва Шаҳодат Шералиева (-75кг) финал остонасида тўхтаб, бронза медали билан тақдирланишди.
50 метрга эркин усулда сузиш мусобақасида Хуршиджон Турсунов саралашда ўз гуруҳида маррага биринчи бўлиб келди. Финалда эса 22.04 сония натижа билан иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медаль соҳибига айланди.
Оғир атлетика бўйича Улуғбек Алимов (-85кг) чемпионлик учун охиригача курашди. Даст кўтаришда 164 кг, силтаб кўтаришда 200 кг, икки машқ якунида 364 кг натижа билан кумуш медалини қўлга киритди.
Теннис спорт тури бўйича Санжар Файзиев эркаклар турнирида навбатдаги ғалабага эришди. Кейинроқ Арина Фольц билан биргаликда аралаш жуфтликлар мусобақасининг ярим финалига йўлланмани қўлга киритди. Фарруҳ Дўстов эркаклар мусобақасида ярим финалга чиқиб улгурган.
Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси медаллар сифати бўйича 2-ўринни, медаллар сони бўйича эса 4-ўринни эгаллаб турибди. Умумжамоа ҳисобида ҳозирча 21 олтин, 28 кумуш, 57 бронза, жами 106 медаллар мавжуд.
Таҳририятимиз номидан Ўзбекистон терма жамоасига омадли юришлари давом этишини тилаб қоламиз.
Мусобақалар давом этади!