...
МЕНЮ
ONLINE TV

АҚШда самарқандлик аёл раҳбарлик қилган жиноий гуруҳ фош этилди


10:16, 11.12.2017 Олам
 14 486

Бруклин туман прокурори Эрик Гонсалеснинг хабар беришича фирибгарлик иши бўйича 20 киши ҳибсга олинган ва уларнинг орасида шифокорлар ва хирурглар ҳам бор.

АҚШда соғлиқни сақлаш соҳасида 150 миллион долларлик фирибгарлик фош этилди. Бу ҳақда, Бруклин туман прокурори Эрик Гонсалес хабар берган. Бу иш бўйича 20 киши ҳибсга олинган ва уларнинг орасида шифокорлар ва хирурглар ҳам бор.


 
Полиция уларни, кам таъминланган бруклинликларнинг оғир аҳволидан фойдаланиб, Medicaid ва Medicare давлат дастуридан ўз мақсадлари йўлида маблағ ўмарганликда айбламоқда.
 
Қамоққа олинганларнинг кўпчилигининг келиб чиқиши, собиқ иттифоқ республикаларидан бўлган. Прокуратура берган ҳамда ижтимоий тармоқлардан олинган маълумотларга кўра, бу фирибгарлик ишларига, асли келиб чиқиши самарқандлик бўлган, 35 ёшли Кристина Мирбобоева раҳбарлик қилган.


 
Шаҳар ва федерал даражада ўтказилган суриштирув ишларида аниқланишича, 2015 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 30 ноябригача бўлган муддат давомида фирибгарлар, камида 146 миллион АҚШ доллари миқдоридаги давлат бюджети маблағларини ўзлаштирганлар.
 
Фирибгарликнниг мазмуни шундан иборат бўлганки, махсус ёлловчилар давлатдан ижтимоий суғурта ёрдами олиши керак бўлган одамларга 30-40 АҚШ доллари таклиф қилиб, уларни суғурта пулларини олишга ҳамда фирибгарлик ишларига жалб қилинган клиникаларда тиббий кўрикдан ўтишга кўндиришган. Бу клиникалар Бедфорд-Стайвесант, Шихсхэд Бэй, Канарси, Крейвсенд ва Краун-Хайтсда жойлашган бўлган.


 
Фирибгарлар асосий мижозларини, асосан кам таъминланган шаҳарликлар яшайдиган жойлардан излашган. Айблов ҳужжатларида хусусан, Нью-Йоркдаги камбағаллар учун бепул овқат тарқатадиган Ист ошхонаси, Бушвикдаги ишга жойлаштиришга кўмаклашиш марказлари қайд қилинган. Ёлловчилар, ҳар бир бошлаб келинган мижоз учун 40-50 АҚШ доллари миқдорида пул олишган.
 
Давлат суғуртасига эга бўлган мижознинг, кўрсатилган клиникалардан бирига бир марта келиши ва ўзи учун керак бўлмаган, 25-50 АҚШ долларига баҳоланадиган тиббий амалиётдан бир марта ўтиши етарли бўлган. Кейинчалик бу мижознинг суғурта полисидан, амалда кўрсатилмаган медицина хизматлари учун кўп марталаб пул ечилган.
 
Gulflifestyle интернет нашри хабарига кўра, алдов йўли билан олинган бу пуллар дунё бўйлаб турли фирмаларга кўчирилиб, “ювиб” олинган.    
Обил Сафаров

Теглар:Фирибгарлик АҚШ Кристина Мирбобоева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!