АҚШ халқи ҳаётида яна фожиа юз берди. Икки қуролланган шахс 14 кишининг умрига зомин бўлди.
Шаҳар полиция хизмати бошлиғи Жеррод Буржуан (Jarrod Burguan)нинг сўзларига кўра, қотиллар ижтимоий хизматлар биносининг кутиш залига кириб бориб, у ердаги одамларга қарата ўт очган ва воқеа жойидан ғойиб бўлган. Кейинчалик, полициячилар жиноятчиларнинг орқасидан таъқибни бошлашган.
“Бир аёл ва бир эркак киши операция давомида отиб ўлдирилди. Қотиллар ҳарбий кийимда бўлишган ва сойли милтиқ ва қўл тўппончалари билан қуролланган эдилар. Отишма маҳали ҳамкасбларимиздан бири жароҳатланди, аммо жароҳат хавфли эмас. Шунингдек, учинчи гумондор ҳам мавжуд бўлган, таъқиб давомида уни қўлга олишга муваффақ бўлдик”, – дейди полиция бошлиғи. У фикрини давом эттириб, қўлга олинган гумондорнинг ҳақиқатан ҳам оммавий хунрезликка алоқадорлиги тасдиқланмаганлиги, ундан бошқа жиноятчилар ҳам мавжуд бўлиши эҳтимоли борлиги ҳамда Лос- Анжелеснинг 60 милгача жанубдаги ҳудудларида қидирув ишлари олиб борилаётганлиги ҳақида ҳам айтиб ўтди.
Буржуаннинг маълумотларига кўра, оммавий қирғин чоғида 14 киши ўлдирилган, 17 таси турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Бу мамлакат тарихидаги 2012 йил декабрдаги воқеалардан кейин содир бўлган энг қонли фожиалардан бири бўлди. Ўшанда Коннектикут штатининг Ньютаун (Newtown) шаҳрида 26 киши ўлдирилган эди.
Полиция олиб борган қидирувлар давомида бино ичидан ишламай қолган портловчи қурилма топилган. Мазкур жиноятнинг сабаблари ҳали аниқлангани йўқ. Бино атрофи тартибни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қуршаб олинган.
Гувоҳи бўлганларнинг айтишича, қотиллар узун милтиқлар билан қуролланган, юзларига ниқоб кийиб олган ҳарбий кийимдаги шахслар бўлишган.
Кейинроқ, қотиллардан бирининг исми Саид Фарук (Syed Farook) бўлганлиги маълум бўлди. У Калифорниянинг Редлэндc (Redlands) районида икки хонали уйда 6 ой давомида истиқомат қилиб келган. Уй эгаси Дойл Миллер (Doyle Miller)нинг айтишича, у ерда Фарук ўз хотини ва ёш фарзанди билан яшаб келган. Яна бир ёши кекса аёлни ҳам баъзида кўриб турганини, лекин у Фарукнинг ёки боланинг бувиси эканлигини аниқ билмаслигини айтиб ўтди.
Миллернинг фикрига кўра, у Фарук билан фақат бир марта кўришган, чунки у билан ҳеч қандай муаммоларга дуч келмаган.
Фарукнинг қайнағаси Фархан Хон (Farhan Khan) Америка-Мусулмонлар кенгаши йиғилишида шундай деди: “Оиламизнинг барча аъзолари ҳайратда, бир нарса дейишга ҳам тилим ожиз”.
Иккинчи жиноятчининг шахси ҳали тасдиқлангани йўқ.
Фожиани бошидан ўтказганлар хунрезликнинг даҳшати ҳақида тўхтамай гапириб беришди. Меридит Вайрсингер (Meredith Wiresinger) исмли гувоҳ: “Бу ниҳоятда даҳшатли эди. Бундай воқеалар ҳақида ОАВда эшитиш бошқа, уни бошдан кечириш тамоман бошқа экан”, – дейди.
Калифорния ҳукумати вакили Жерри Браун (Jerry Brown) мазкур фожиада вафот этганлар хотирасига шаҳардаги барча байроқларни ярим туширилган ҳолатга келтириш ҳақида буйруқ берди.
Даҳшатли хунрезликлар ва унинг тафсилотлари ҳақида Президент маъмуриятига ҳам хабар берилди. Оқ уйнинг расмий вакилларидан бири шаҳар аҳолисига ўз ҳамдардлигини билдириб, хавфсизликка жавобгар идоралар вакилларини текширувларни бир дақиқа ҳам тўхтатмасликка чақирди. Барак Обаманинг ўзи CBS Newsга берган интервьюсида шундай сўзларни айтиб ўтди: “Фожианинг содир бўлиш сабаблари ҳақида ҳали кўп саволлар жавобсиз қолмоқда. АҚШда бунга ўхшаган воқеалар, афсуски, доимий характерга айланиб қолмоқда, ваҳоланки бошқа ҳеч бир давлатда бу каби ҳодисалар бунчалик тез-тез содир бўлмайди. Қонун ижодкорлиги билан шуғулланувчи идоралар бундай фожеаларга қарши жавоб чораларини кучайтиришга хизмат қилувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳаракатларини фаоллаштириши керак”.